Самарқанд вилояти Иштихон туманида 22 май куни автобус ва юк машинаси ўртасида тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, ҳолат шу куни тунги соат 1 ларда Иштихон тумани «Халқобод» маҳалласидан ўтувчи М37 автомобиль йўлида содир бўлган. Бухоро—Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган Zhongtong хорижий сайёҳлар автобуси ва «КамАЗ» юк машинаси тўқнашиб кетган.
Оқибатда автобус салонида бўлган йўловчи олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган. Яна бир йўловчи — Руминия фуқароси эса енгил тан жароҳати олган.
Дастлабки текширувларда ЙТҲга ҳайдовчилардан бирининг рул бошқарувида ухлаб қолгани сабаб бўлгани аниқланган.
Аввалроқ Урганчда автобус иштирокидаги ЙТҲда 2 киши вафот этгани, Қибрайда икки йўловчи автобус пойга ўйнаши оқибатида улардан бири Lacetti билан тўқнашиб кетгани, Сурхондарёда қарама-қарши йўналишдаги «КамАЗ» билан тўқнашган Cobalt ҳайдовчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)