Ўзбекистон Қаҳрамони, «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова 64 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Аввалроқ президент матбуот котиби Шерзод Асадов Лола Муротова бетоб бўлиб қолганини, Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, президент маслаҳатчиси ўринбосари А.Жўрабаев билан биргаликда вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказида даволанаётган Ўзбекистон Қаҳрамони ҳолидан хабар олинганини маълум қилганди.
Фарғонага ташрифи давомида Шавкат Мирзиёев Лола Муротованинг бетоблиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтганди.
«Кеча кечқурун бир масала мени қийнади. Лола опа бугун залда ўтиришлари керак эди. Аммо бетоб бўлиб қолибдилар. Ўзим бориб кўриб келай десам, шифокорлар беморни безовта қилмаслик кераклигини айтишди. Кўнглим жуда ғаш бўлди. Кўп шифокорларни юбордим. Яратгандан илтижо қиламиз, тез кунларда соғайиб кетиб, сафимизга қайтсинлар», — деганди президент.
Маълумот учун, Лола Муротова 1958 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. 2019 йилда президент фармони билан унга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилиб, олий нишон — «Олтин юлдуз» медали топширилганди.
Изоҳ (0)