Херсон вилоятида украин тили билан бир қаторда рус тили ҳам давлат тили мақомини олади. Бу ҳақда вилоят ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Кирилл Стремоусов «РИА Новости»га маълум қилди. Унинг айтишича, рус тили иш юритиш, мулоқот ва «барча давлат аҳамиятига молик масалалар» учун асосий тилга айланади ҳамда мактабларда ўқитилади.
Шу билан бирга, Стремоусов янги ҳокимият украин тилини тақиқламоқчи эмаслигига ишонтирди. «Ҳеч кимнинг ҳуқуқларини поймол қилмаймиз», — деди у ва ота-оналарнинг илтимосига биноан мактабларда украин синфлари ташкил этилиши мумкинлигини айтди.
Бундан ташқари, Стремоусов Херсон вилоятида қрим татарларининг катта жамоаси истиқомат қилаётганини, унинг вакиллари билан бўладиган учрашувда «Қримда бўлгани каби қрим-татар тилига давлат тили мақомини беришнинг мақсадга мувофиқлиги» муҳокама қилинишини таъкидлади. (Қрим-татар, украин ва рус тиллари Қрим Республикасининг давлат тиллари ҳисобланади; Россия Конституциясининг 68-моддасига мувофиқ, республикалар ўз давлат тилларини ўзлари белгилаш ҳуқуқига эга, улар Россиянинг давлат тили билан бирга қўлланилади).
Россия Мудофаа вазирлиги Украинада уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб Херсоннинг қўлга олингани ҳақида хабар берганди. 15 март куни бутун вилоят ҳудуди устидан назорат ўрнатилди. Кейинчалик у ерда ҳарбий-фуқаролик бошқаруви тузилди; Стремоусов апрель ойи охирида раҳбар ўринбосари этиб тайинланди.
Шундан сўнг вилоятда Россия телеканалларини эфирга узатиш, рус валютасини қўллаш, мактабларда рус тилидаги дарсликлардан фойдаланиш бошланди.
24 февраль куни Украинада «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилар экан, Владимир Путин Россиянинг режалари «Украина ҳудудларини босиб олиш эмас» деб таъкидлаган эди. Унинг айтишича, Москва барча халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олади.
11 май куни эса Стремоусов Путиндан Херсон вилоятини Россия таркибига қўшиб олишни сўраш ниятида эканини маълум қилди. Бунга жавобан Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко бундай қарорни фақат вилоят аҳолиси қабул қилиши мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда «Ягона Россия» Бош кенгаши котиби Андрей Турчак Херсон вилоятига ташрифи чоғида гапириб, «Россия ҳар доим шу ерда» эканини ҳам таъкидлади.
Изоҳ (0)