Энди кэшбэк чеклар рўйхатдан ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 25-санасидан кейин тасдиқланади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан QR кодли харид чекларини «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар харид суммасидан 1 фоизлик кэшбэкка эга бўлмоқда. Хусусан, истеъмолчиларга йил бошидан бери қайтарилган кэшбэклар миқдори 72,3 млрд сўмга етган.
Сотиб олинган товарлар қайтарилганда тадбиркорлик субъектларида харид чекларига тузатиш киритиш имконияти мавжудлиги ва улар томонидан солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатлари ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасигача этиб белгиланганини инобатга олган ҳолда, кэшбэк суммаси 21—25-саналарда қайтарилиши маълум қилинганди. Яъни, январь учун февраль ойининг 21—25-саналарида, февраль учун эса март ойининг 21—25-саналарида кэшбэк қайтарилиши билдирилган.
Эндиликда эса кэшбэк чеклар рўйхатдан ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 25-санасидан кейин тасдиқланади. Хусусан, апрель ойи учун қайтарилиши керак бўлган кэшбэк 25 майдан кейин тасдиқланади.
Маълумот учун, тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт.
Изоҳ (0)