Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) КХДР ўзининг Пунгери ядро полигонини қайта тиклаётган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Ташкилот тарқатган пресс-релизга кўра, янги қурилиш белгилари сунъий йўлдошдан олинган суратларда 2018 йил — полигон ёпилганидан буён биринчи марта қайд этилган.
БМТ бош котибининг Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича ёрдамчиси Халид Хиарий ташкилот Хавфсизлик кенгаши мажлисида таъкидлашича, 25 ва 30 апрелда КХДР етакчиси берган баёнотларга мувофиқ, Пхеньян превентив тарзда ядро қуролини қўллаши мумкин.
«Бундай мазмундаги баёнотлар чуқур хавотир уйғотади», — деди Хиарий.
Аввалроқ Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Корея армияси қўмондонлик таркиби билан учрашувда мамлакат ва партия ядровий хавфни превентив тарзда тийиб туришга тайёр бўлиши кераклигини айтганди.
Унгача эса у Пхеньяннинг ядровий салоҳиятини «энг тезкор суръатларда» кучайтиришга ваъда берганди. Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, мамлакат исталган вақтда ядровий «тийиб туриш»га мурожаат қила олиши учун КХДР пухталик билан тайёрланади.
2018 йил майида КХДР Пунгери синов ядро полигонидаги туннелларни демонтаж қилган эди. Полигоннинг учта туннели ушбу воқеани ёритиш учун КХДРга таклиф қилинган қарийб 20 нафар журналист кўз ўнгида портлатилганди. Айни вақтда ядро қуроли бўйича халқаро экспертлар полигонга қўйилмаган. Сўнгги вақтларда Ғарб ва Жанубий Корея ОАВлари Шимолий Корея ядровий синовлар ўтказишга тайёрланаётгани ва Пунгери ядро полигонининг учинчи туннелига олиб борадиган йўлни тезликда қайта тиклаш устида ишлаётгани ҳақида бир неча бор маълум қилганди. Тахминларга кўра, Пхеньян тактик ракеталарга ўрнатилиши мумкин бўлган кичик ядро ўқини синаб кўриши мумкин. Агар эксперимент амалга ошса, бу Пхеньян учун тўрт ярим йил ичидаги биринчи ядро синови бўлади.
Изоҳ (0)