Финляндия президенти Саули Ниинистё ва бош вазир Санна Марин НАТОга тезроқ аъзо бўлиш зарурлиги ҳақида қўшма баёнот чиқарди, деб ёзмоқда CNN.
«НАТОга аъзо бўлиш Финляндия хавфсизлигини мустаҳкамлайди, Финляндия эса НАТОга қўшилиш орқали бутун иттифоқни мустаҳкамлайди», — дея баёнотдан иқтибос келтирган CNN телеканали. Финляндия президенти ва ҳукумат раҳбари НАТОга аъзо бўлиш учун зудлик билан ариза топшириш кераклигини таъкидлади.
«Умид қиламизки, келгуси бир неча кун ичида ушбу қарорни қабул қилиш учун миллий даражада барча зарур чоралар кўрилади», — дейилган баёнотда.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг журналистларга айтишича, Финляндиянинг НАТОга аъзолик ҳақидаги аризаси Россия томонидан сўзсиз таҳдид сифатида баҳоланмоқда. Унга кўра, Москванинг кейинги ҳаракатлари НАТОнинг «кенгайиш жараёни» қандай бориши ва альянснинг ҳарбий инфратузилмаси қандай ҳаракатланишига боғлиқ бўлади.
Аввалроқ Финляндиянинг Helsingin Sanomat газетаси мамлакат ҳукумати 15 май куни НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. Шу билан бирга, нашрнинг ёзишича, Швеция ҳам худди шу куни ариза топширади.
Нейтрал мақомга эга Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин фаол муҳокама қилина бошлади. Мамлакатлар альянсга аъзолик учун ёзда ариза топшириши мумкинлиги хабар қилинганди. Шу билан бирга Швеция ҳукмрон партиясининг бир қисми мамлакатнинг НАТОга киришига қарши. АҚШ мазкур икки давлат НАТО таркибига кирса, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини билдирган.
Финляндия қуруқликда Россия билан 1200 километрдан ортиқ умумий чегарага эга.
Изоҳ (0)