Сурхондарёдан Тошкентга ветеринария маълумотномаларисиз мол гўшти маҳсулотларини олиб келаётган Cobalt автомобили аниқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 7 май куни соат 03:40 ларда Қашқадарё вилояти ИИБ ЖЦБ Карантин бўлинмаси ходимлари ва ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда Кўкдала туман ҳудудида жойлашган «Умакай» мунтазам ЙПХ масканида Cobalt автомобили тўхтатилган. Сурхандарё—Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келган деновлик фуқаро А.Х. бошқарувидаги машина текширилиб, унинг юкхонаси кўздан кечирилганда, тегишли ветеринария маълумотномаларисиз, келиб чиқиши номаълум бўлган 150 килограммга яқин йирик мол гўштлари борлиги аниқланган.
Мазкур гўшт маҳсулотларининг сифатини аниқлаш мақсадида юк Қашқадарё вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги микробиология ва ветеринария-санитария экспертиза лобороториясига топширилган.
Аввалроқ Жиззахда Nexia юкхонаси ва салонидан Тошкентга олиб кетилаётган 712 кг номаълум ҳайвон гўшти топилгани, Бухородан Тошкентга 500 кг истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетаётган Isuzu тўхтатиб қолингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)