Австралия ҳукумати Россия Давлат Думасининг 76 нафар депутати ҳамда Донеткс ва Луганск ҳукуматларининг 34 нафар аъзосига қарши санкция қўлламоқда. Бу ҳақда Австралия ташқи ишлар вазири Марис Пейнга таяниб, The Sydney Morning Herald хабар берди.
«Ушбу шахслар Украина ҳукуматининг рухсатисиз мамлакат ҳудуди устидан давлат ҳокимиятини ўрнатиш орқали Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузган», — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, Австралия Ташқи ишлар вазирлиги тез орада янги санкциялар остига тушган одамларнинг рўйхатини тақдим этади. Россиялик депутатларга қарши санкциялар ДХР ва ЛХРнинг тан олинишини қўллаб-қувватлаш учун овоз бериш, шунингдек, ушбу республикаларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ортидан киритилмоқда.
Санкциялар дезинформаторлар ва пропогандачилар рўйхатига киритилган Давлат Думаси депутати Олег Матвейчевга ҳам таъсир қилади. Матвейчев 2018 йилги президентлик сайловларида Владимир Путиннинг сайловолди штаби аъзоси бўлган. 2020 йилда у «Россия етакчилари» танловининг финалчисига айланди, 2021 йилда эса «Ягона Россия» партиясидан Давлат Думасига сайловда қатнашган.
Бундан аввал, 22 апрель куни Австралия 147 нафар россияликни санкциялар рўйхатига киритган эди. Россия президенти Владимир Путиннинг қизлари деб тахмин қилинадиган Мария Воронцова ва Катерина Тихонова, шунингдек, Россия ташқи ишлар вазирининг қизи Екатерина Винокурова санкциялар остига тушди. Қолган 144 киши Федерация Кенгашининг аъзоларидир.
Аввал Австралия санкциялар рўйхатига Владимир Путин, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва бошқа россиялик сиёсатчилар ҳамда бизнесменларни киритган эди. Шунингдек, мамлакат Россиянинг бир қатор компанияларига чекловлар қўллаган ва қимматбаҳо маҳсулотлар, алумина ва алюминий рудаларини Россияга экспорт қилишни тақиқлаган. Санкциялар Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётига жавобан жорий этилган.
Изоҳ (0)