Франция президенти Эммануэль Макроннинг инаугурация маросими 7 май куни Елисей саройида бўлиб ўтади, деб ёзмоқда The Local нашри.
Шундан сўнг Франция раҳбари иккинчи муддатга расман ўз лавозимига киришади. Макрон 24 апрель куни 58,55 фоиз овоз билан қайта сайланган эди. Сиёсатчининг янги ваколат муддати 14 майдан бошланади.
Инаугурация маросими ҳокимиятни топширишни расмийлаштиради ва Елисей саройида, тантаналар залида бўлиб ўтади. Бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Франция президентининг инаугурациясида қасамёд қилинмайди.
Хусусан, Конституциявий Кенгаш президенти Лоран Фабиус сайловнинг расмий натижаларини эълон қилади, сўнгра президент Миллий фахрий легионнинг гроссмейстери сифатида тан олинади ва унинг иккинчи муддати расман бошланади.
Шундан сўнг Макрон нутқ сўзлайди, кейин воқеа шарафига тўпдан 21 марта ўқ узилади, ўтмишда бу анъанани иккинчи муддатга сайланган президентларнинг айримлари ўтказиб юборган. Маросим байроқларни кўтариш ва давлат мадҳияси билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, 25 апрель куни Макрон мамлакатдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонган, унинг рақиби Марин Ле Пен мағлубиятини тан олган эди. Франциянинг амалдаги раҳбари ғалабаси эълон қилинганидан кейин мамлакатда норозилик намойишлари бошланди. Боз устига, сайловчилар билан учрашувда Макронга помидор улоқтиришди.
Изоҳ (0)