Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — буларнинг барини «Кун матбуоти тарихи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 30 апрель, шанба

1932 йил 30 апрель куни Ўзбекистонда марказий газеталар чоп этилмаган.

60 йил аввал. 29 апрель, якшанба

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 29 апрель сонидаги асосий материал — Тошкент вокзали олдидаги майдонда туркистонлик 14 комиссар шарафига ўрнатилган монументнинг очилишидан тайёрланган репортаж (маълумот учун, ушбу ҳайкал мустақиллик йилларида олиб ташланиб, ўрнига Тошкент герби ўрнатилади, 2018 йилда эса герб ҳам олиб ташланади). Бу 14 комиссар (бошқачасига айтганда, Туркистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирлар) 1919 йил январида Туркистонда совет тузуми ўрнатилишига қарши кўтарилган исён (Осипов исёни) вақтида отиб ташланган эди.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 29 апрель сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 29 апрель сонидан лавҳа

Тадбирда Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби Шароф Рашидов сўзга чиққан. Республика раҳбарининг нутқидан айрим иқтибослар билан қуйида танишиш мумкин:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 29 апрель сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 29 апрель сонидан лавҳа

30 йил аввалгидек, газеталарда 1 май намойиши қандай ўтиши ҳақида маълумот берилган. Маълумот 1932 йилдагидек катта эмас, анчагина қисқа. Аммо деярли ўзгармаган ўринлари бор. 1932 йилги маълумотномада: «Автомашиналар Қизил майдон ёнига фақат эрталабки соат 9 гача юборилади, уларнинг турар жойи Гостеприимний переулокда белгиланади», дейилган бўлса, «Қизил Ўзбекистон»нинг 1962 йил 29 апрель сонида эълон қилинган ахборотда шундай дейилади: «Махсус пропускалари бўлган автомашиналар Ленин номли майдонга соат 8:45 минутгача Ленинград кўчаси орқали Революция сквери томонидан кира оладилар ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг Гостеприимная кўчасидаги ва Сендрюков переулогидаги гаражига жойлаштирилади».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 29 апрель сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 29 апрель сонидан лавҳа

30 йил аввал. 30 апрель, пайшанба

Шу кунларда — 1992 йил апрель ойи охирларида — бутун Ўзбекистоннинг тинчлигини бузаётган ҳодиса, бу — кучли ёғингарчиликлар ва уларнинг салбий оқибатлари. Куни кеча Сирдарё вилоятидаги вайронкор сел тошқинлари ҳақида ахборот берилган эди, бундай ҳолатлар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. «Кейинги кунлардаги кучли ёмғир ва сел қишлоқ хўжалигига жиддий зарар етказмоқда», — дейилади «Тошкент оқшоми»даги хабарда.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Ўзбекистон овози» газетаси ЎзАга асосланиб хабар беришича, «28 апрель кечаси соат 1:30 да табиат Бухоро шаҳри ва унга яқин районлар аҳолисини оғир синовда ўтказди. Айнан шу вақтда шимолий-шарқ томондан эсаётган шамол кучайиб, унинг тезлиги секундига 20—22 метрга етди. Шивалаб ёғаётган ёмғир эса кучли селга айланди. Натижада вилоятнинг Жондор, Ромитон, Бухоро, Вобкент, Когон, Қоракўл ва Олот районларидаги юзлаб хўжаликларнинг ўн минглаб экинзорлари пайҳон бўлди, улар жала сувлари остида қолиб кетди... Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиат хуружи орқали етган зарар миқдори вилоят бўйича 100 миллион сўмдан зиёддир. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас — аҳолининг уй-жойлари, молхоналари ҳам жиддий зарар кўрган, кўпгина кўприклар бузилган, томларни бўрон учириб кетган», — дейилади «Бухорода сел ва бўрон» хабарида (бу тафсилотлар Бухорога 2020 йилда ёпирилган бўрон ва унинг оқибатларини ёдга солади).

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг ёзишича, «кутилмаганда — 26 апрель куни кеч соат 19:00 дан 20:00 гача ёққан ёмғир, жала ва дўлдан Задарё, Чуст, Чортоқ, Поп, Уйчи, Учқўрғон районларидаги экинзорлар жиддий зарарланди. 121 минг гектар майдондаги экинлар табиий офатдан зарар кўрди. 98 минг гектар пахта майдони қатқалоқ бўлди. 14 минг гектар ердаги чигит лойқа остида қолди. Бу майдонларга қайта чигит экилади».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Бир йил аввал — 1991 йилнинг 4 май куни Ангрен шаҳри яқинидаги Жигаристон қўрғонида даҳшатли табиий офат — ер кўчкиси содир бўлган, ҳодиса оқибатида 55 киши — масалан, 13 кишидан иборат бир оила — ҳалок бўлганди (ҳодиса муносабати билан 1991 йилнинг 6 майи Ўзбекистонда мотам куни деб эълон қилинган). «Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонида қўрғонда ўтган бир йил давомида юз берган ўзгаришлар, Янги Жигаристон қўрғонининг қурилиши ҳақида материал берилган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Деярли барча газеталарнинг муқовасидан жой олган хабар — Россиянинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси тайинланди. «Россия президенти Борис Ельцин Филипп Филиппович Сидорскийни Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлади. Сидорский 1937 йилда туғилган, миллати рус... 1988 йилдан буён СССР, Россиянинг Афғонистондаги элчихонасида маслаҳатчи-элчи», — деб ёзади «Халқ сўзи».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми» газетасида «Тил ҳақидаги қонун қандай бажарилмоқда?» рукни остида эътиборга молик материаллар берилган. Масалан, Тошкент сиёсатшунослик ва бошқарув институти профессори Қўчқор Хоназаров «Биринчи баҳор» мақоласида қонуннинг бажарилиши мустақиллик асосларидан бири эканини таъкидланиб, шундай таклифлар беради: «Ўзбек тилини рус тилида сўзлашувчи аҳолига ўргатишда бу борада бой тажрибага эга мамлакатлар тажрибасини ўрганиш маъқул. Масалан, Эстонияда ва бошқа Болтиқбўйи давлатларида Давлат тили тўғрисидаги қонунга суяниб, жумҳурият тилини ўзлаштиришнинг аниқ босқичлари белгиланди. Ҳар босқич бўйича синовдан ўтиш қоидалари аниқлаб қўйилган. Бизнинг жумҳуриятимизда шундай қоидалар йўқ, бўлса ҳам кўпчиликка номаълум. Рус халқига тил ўрганишдаги қийинчиликларни енгишда ёрдам бериш зарур... Уларга ўзбек тилини ўзлаштиришда ёрдам бериш — миллий бурчимиздир».

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Газета мухбири Ғулом Юсупов Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги ишлаб чиқариш бирлашмасида бўлиб, у ерда давлат тили — ўзбек тилини ўрганиш қандай бораётгани ва қайси тилда иш юритилаётгани билан танишган. Мухбирнинг хулосалари сарлавҳаданоқ аён: «Бунақа ўқув кимга керак?». Хабар шундай сатрлар билан тугайди: «Ўзбек тилини ўргатишни тубдан яхшилаш даркор. Ўзбек тилида икки-учта шиор илиш, ариза ёзишга рухсат бериш давлат тилига ўтиш дегани эмас-ку!».

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Мустақилликнинг яна бир белгиси — миллий валюта. Тошкент молия институти ректори М.Шарифхўжаев ва шу институт проректори профессор А.Ўлмасовнинг «Халқ сўзи» газетасида босилган «Ўз пулимиз бўлсайди» сарлавҳали мақоласи шу мавзуга бағишланган. Мақолада МДҲ даражасидаги пул эмиссияси Россиянинг монополиясига айланиб қолгани, Ўзбекистоннинг нақд пул билан таъминланиши Россия банкига боғлиқлиги кўрсатилиб, «монополия бор ерда, албатта, қарамлик мавжуд», деб хулоса берилади. Айни вақтда, мақолада Ўзбекистон хориждан инвестициялар жалб қилиш учун ҳам ўз миллий валютасини жорий этиши кераклиги таъкидланади: «Миллий валюта ўзга валюталарга эркин алмаштириладиган пулга айлангандагина хорижий капитал Ўзбекистонга оқиб кела бошлайди. У ўзи билан бирга илғор технология ва тажрибани олиб келади... Демак, конвертирланган миллий валюта бизга сув ва ҳаводек зарур» (маълумот учун, Ўзбекистоннинг миллий валютаси — ўзбек сўми — ушбу мақоладан яна икки йил ўтиб, 1994 йилнинг 1 июль куни муомалага киритилган).

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Мавзу иқтисодий мавзуга бурилган экан, «Халқ сўзи» газетасида «Ўзбекистон—Тожикистон ҳамкорлиги» рукни остида «Бир-биримизсиз яшай олмаймиз» сарлавҳаси берилган суҳбатни ҳам кўрсатиб ўтиш керак. Унда Тожикистондаги Хўжанд ипакчилик бирлашмаси бош директори Тоҳир Бобоевдан шундай иқтибослар келтирилади: «Мен Ўрта Осиё жумҳуриятлари ҳудудида чегара ва божхона хизматлари бўлишига бутунлай қаршиман. Биримизнинг қариндошимиз Ўзбекистонда, иккинчимизнинг жигаримиз Тожикистонда яшаётган бўлса, қандай қилиб бизни ажратиб қўйиш мумкин? Раҳбарлар ўзаро келишувга мувофиқ барча минтақаларда бир хил нарх бўлишига эришмоқлари зарур! Ахир биз бир-биримизсиз яшай олмаймиз! Бу фикримни ҳамма тўғри тушунишини истайман. Ҳозир тушунмасак, кейинчалик кеч бўлади. Шундай эмасми?» (бахтга қарши, кейинги йилларда чегаралар турли сабабларга кўра тақа-тақ ёпилди, фақат 2016 йилдан сўнггина икки мамлакат чегарасидаги вазият юмшаб, икки халқ вакиллари бемалол у республикадан бунисига кириб-чиқа оладиган бўлди).

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Аввалроқ Нидерландиядан Ўзбекистонга 200 минг долларлик гуманитар ёрдам келаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бу хабар ҳафта давомида барча газеталарда такрор ва такрор, янги ва янги тафсилотлар билан ёзилди. Мана, энди «Халқ сўзи» газетасининг ёзишича, бу инсонпарварлик ёрдами нақ Нидерландия қироличаси ташаббуси билан Ўзбекистонга юборилган (аввалроқ бу бир голланд фирмаси ташаббуси сифатида таърифланаётган эди):

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми»нинг «Ҳар учинчи йўловчи чипта олмайди» хабарида таъкидланишича, «транспорт хизматидан фойдаланадиган тошкентликларнинг 30 фоизга яқини йўл ҳақини тўламас экан»:

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Автобус ё трамвайда-ку чиптасиз юриш имкони бор экан, лекин фарғоналик К.Аслоновнинг шикоятига кўра, у авиачиптаси бўлатуриб, Тошкентдан Фарғонага учиб кета олмаган: «Сабабини сўрасак, керакли йўловчиларни олдик, сизларни эса чиқара олмаймиз, чипта ошиқча сотилган экан, деб айтишди».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Тошкент 2000 йилги ёзги Олимпиада мезбонлиги учун курашга киришаётгани ҳақида энди барча газеталар ёза бошлаган. «Тошкент оқшоми»нинг ёзишича, мезбонликни қўлга киритиш мақсадида ўзбекистонлик мутахассислар ўз вақтида 1992 йилги ёзги Олимпиада мезбонлиги учун курашган Англиянинг Бирмингем шаҳрига тажриба оширгани кетмоқда.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Хорижда нима гап? Афғонистон — ҳамон бош мавзулардан бири. Мамлакатда ҳокимият миллий нажот жабҳасининг раҳбари Сибғатулло Мужодидий бошчилигидаги мужоҳидларнинг муваққат ҳукуматига топширилган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Мужодидий журналистлар билан суҳбатда «Афғонистонда биринчи марта чинакам ислом ҳукумати тузилгани»ни айтган. «Миллий бирликни ҳамда барқарорликни таъминлаш барча афғонларнинг бош вазифасидир», — деган у.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Дунёнинг бошқа чеккаларидан ҳам қизиқ хабарлар бор. Масалан, МДҲ ҳарбий-денгиз флоти қўмондони адмирал Чернавин Украинага содиқликка қасамёд қилган зобитларни флотдан бўшатиш тўғрисида буйруқ берган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 30 апрель сонидан лавҳа

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди

Изоҳ: Материалнинг биринчи таҳририда Тошкент Бирмингем билан 1991 йилда биродарлашгани ҳақида ёзилган эди. Бу хато маълумот. Муаллиф бунинг учун «Дарё» муштарийларидан узр сўрайди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар