Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида электромобиллар савдосидан тушган маблағларни талон-торож қилиб келган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида «Ф.Э.» МЧЖ раҳбари ўринбосари Р.Ж. ва бошқалар МЧЖ томонидан чет давлатлардан олиб келинган электромобилларни сотувидан тушган 1,8 миллиард сўмни харидорлар билан тузилган шартномаларнинг иккинчи нусхасида паст нархларда кўрсатиш орқали талон-торож қилгани аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Қибрай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «W.Е.» МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган И.М. жамият раҳбарининг имзоси билан сохта ҳужжатларни расмийлаштиргани аниқланган. У МЧЖдан ишдан бўшаган 6 нафар ва 1 нафар умуман ишламаган фуқаронинг пластик карталарига 125,1 миллион сўм ҳамда бош директорнинг имзосини сохталаштириб, 273,2 миллион сўмни ўзининг пластик картасига ўтказиб олиб, ўзлаштирган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда 32 та уй-жой ширкати жами 3,5 млрд сўмни мақсадсиз сарфлаган ёки талон-торож қилгани, Самарқандда 1,5 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштирган жамият раҳбарига жиноят иши қўзғатилгани, Чирчиқда корхона раҳбари тадбиркорнинг 533,6 млн сўмлик мулкини талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли корхона 15,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликка йўл қўйгани аниқланди
- Қашқадарёда солиқдан бўйин товлаб, 700 млн сўм солиқ пулини яширган қурувчи жавобгарликка тортилди
- Фарғонада 4,3 млрд сўмни талон-торож қилиб, қимор ўйинларига тикиб юборган коллеж бош ҳисобчиси қамоққа олинди
Изоҳ (0)