Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан харид чекларини «Солиқ» мобил дастури орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар харид суммасидан 1 фоизига кэшбэкка эга бўлмоқда. Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, йил бошидан истеъмолчиларга 68,1 миллиард сўм кэшбэк тўланди.
Қайд этилишича, 8 апрель куни истеъмолчиларга март ойи учун яна 9,6 миллиард сўм кэшбэк тўлаб берилган. 23 апрелда март ойи учун 22,7 миллиард сўм, 25—26 апрель кунлари эса январь—март ойлари учун яна 900,3 миллион сўм кэшбэк истеъмолчиларга тўланган. Солиқ ҳисоботларидаги камчиликлар тузатилиши билан қолган кэшбэк суммалари ҳам тўлаб борилади.
Апрелда йиғилган кэшбэк суммаси 21—25 майда истеъмолчиларга тўлаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрь ойида президентнинг назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинганди. Ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ҳамда ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг ҚР-код ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади.
ДСҚ маълумотига кўра, эндиликда чекда МХИК коди тўғри кўрсатилган барча товарлар (хизматлар) учун кэшбэк тақдим этилади. Рад этиш тўлиқ харид суммасига (бутун чек учун) эмас, балки фақат маълумотлар базасида мавжуд бўлмаган МХИК коди кўрсатилган маҳсулот (товар ва хизмат)ларга нисбатан қўлланади.
Мавзуга доир:
- Бухорода харид чекини бермаган савдогар бу ҳақда солиқчиларга хабар қилган харидорни калтаклади
- «Чек бермаяпсан деб 5 миллион сўм жаримага тортишди». Айримлар мукофот пули олиш учун солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар бермоқдами?
- Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга 2 млрд сўмдан ортиқ мукофот пуллари тўлаб берилди
Изоҳ (0)