Наманганда қарздор шахс МИБ давлат ижрочиси ва қоровулини дўппослаб, уларга тан жароҳати етказди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
2022 йил 23 апрель куни Мажбурий ижро бюроси Янгиқўрғон туман бўлими ходими фуқаро Баҳодир Ўктамовга (исм-шариф шартли) қўнғироқ қилиб, иш юритувида бўлган 4 та, жами 957 075 сўмлик маъмурий жарималардан қарздорлигини бартараф этишни сўраган. Орадан икки кун ўтиб Ўктамов давлат ижрочисига телефон қилиб, маъмурий жарималар юзасидан тузилган баённомалардан нусха беришни сўраган ва шу куни кеч соат 20:45 атрофида маст ҳолатда бўлимга келган.
У бўлим назорат-ўтказиш жойида қоровулга ходимнинг олдига киришини билдиради. Бунга жавобан қоровул унга иш вақти тугаганини маълум қилади. Шунда Баҳодир жанжал кўтариб, қоровулнинг юз қисмига уради. Уларни ажратмоқчи бўлган давлат ижрочисини ҳам уриб, тан жароҳати етказади.
Ўтказилган тиббий экспертизаси хулосасига кўра, давлат ижрочиси ва қоровулга бош мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши, бурун суягининг ёпиқ синиши, энса соҳаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши жароҳати ташхислари қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиқўрғон туман прокуратураси томонидан Баҳодир Ўктамовга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан (безорилик) жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)