Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ер олди-сотдиси билан ноқонуний равишда шуғулланган шахслар қўлга олинди, дея хабар қилмоқда Бош прокуратура.
Маълум қилинишича, 15 апрель куни Бош прокуратура, ИИВ Ер ресурсларини талон торож қилинишини олдини олиш бўлими ва департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Бўстонлиқ тумани ҳокимининг тегишли қарори билан «М.Б.Б.» масъулияти чекланган жамиятига 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестицион лойиҳани амалга ошириш шарти билан мактабгача таълим муассасаси ва савдо-маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилиши учун 40 гектар ер майдони ажратилган.
Бироқ МЧЖ мансабдор шахслари бугунги кунга қадар ушбу ер майдонида қурилиш ишларини амалга оширмасдан, уни Элмурод исмли шахс орқали 3 миллион АҚШ долларига сотаётгани ҳақида тезкор маълумот олинган.
Тадбир давомида 40 гектар ер майдонига эгалик ҳуқуқи бўлмаган тўрт нафар тадбиркор ҳамда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ёрдамчиси фуқаро Д.А.га 3 миллион АҚШ доллари эвазига сотишга келишиб, олдиндан 180 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан 168 (фирибгарлик) ва 28, 211 (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)