Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаган ҳайдовчи ва йўловчига чора кўрилди, деб хабар беради Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.
Маълум қилинишича, 31 март куни Чироқчи туманида ЙПХ ходими Nexia русумли автомобиль ҳайдовчисига тўхташ ишорасини кўрсатганда, ҳайдовчи тўхтамасдан ҳаракатланган. Бироз вақт ўтиб, ушбу автомобилда бўлган йўловчи ЙПХ ходимининг ёнига келиб, сабабсиз эътирозлар билдириб жанжаллашган.
Ходим ҳайдовчининг қоидабузарлиги бўйича учинчи шахсга батафсил ахборот беришга мажбур эмаслигини билдирганда, ушбу фуқаро турли ноўрин сўзлар билан зиддиятли вазиятни юзага келтирган.
Ҳолат бўйича ЙПХ ходими томонидан билдирги орқали Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғига маълум қилинган.
Тўпланган тегишли ҳужжатлар 8 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани суди томонидан ўрганилиб, бўйсунмасдан ҳаракатланган ҳайдовчига БҲМнинг уч баравари (810 минг сўм) миқдорида жарима жазоси белгиланган. Шунингдек, ЙПХ ходимининг ёнига келиб сабабсиз эътирозлар билдириб, жанжаллашган 37 ёшли фуқарога нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ Қашқадарёда йўллардаги қоидабузарликларни назорат қилишга келган самарқандлик ЙПХ ходимининг ўзи қоида бузгани, блогер талаби билан унга маъмурий баённома тузилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)