Муттасил давом этаётган ёғингарчиликлар Тошкент вилоятининг Пискент ва Юқори Чирчиқ туманларидаги кўприкларга катта зарар етказди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Юқори Чирчиқ туманидаги «Қизилсой» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудуди ҳамда Пискент тумани ҳудудидан ўтувчи А-373 Ўш—Гулистон автомобиль йўлининг 107-километридаги кўприклар ўз мустаҳкамлигини йўқотган.
ФВВ матбуот хизмати хабарида айтилишича, давомий ёғаётган ёмғир натижасида Оҳангарон дарёсидаги сув одатдагидан кўпроқ ҳажмда оқаётганлиги сабабли Пискент туманидаги кўприкка ўз таъсирини кўрсатиб, қирғоқнинг ювилишига олиб келган.
Ҳозирда автомобиль ҳаракатлари тўхтатилиб, хавфни бартараф этиш мақсадида ФВБ, ЙҲХБ, «Йўллардан фойдаланиш» УК, туман ҳокимликлари ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ёғингарчилик натижасида ҳосил бўлган сел сувлари Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Узку» қишлоғидаги эски анҳор каналига қурилган 24 метрли янги кўприкка ҳам зарар етказганди. Ушбу кўприк 2021 йилнинг ноябрида 5,2 миллиард сўмга янгидан қурилганди.
Изоҳ (0)