Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Ягона имтиҳон маркази имтиҳонларида коррупциявий ҳолатлар йўқлигини айтиб, фуқароларни фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирди.
Унинг айтишича, имтиҳон марказининг назарий имтиҳонларидан ўтолмаган фуқарони бино ташқарисида бир инсон тўхтатиб, нима бўлганини сўраган. Фуқаронинг имтиҳондан йиқилганини билгач, ўз хизматларини таклиф этиб, пул билан ҳал қилиб беришини айтган. Ишончига кириши учун ҳар хил сертификатларини кўрсатиб, олдиндан 200 минг сўм олиб, телефон рақамини берган. Аммо икки ҳафта муддатда ҳам ваъдасини бажармай, қочиб юрган. Шундан сўнг фуқаро Ягона имтиҳон маркази ходимларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Жабрдийда бўлиб қолманг. Ундан кўра ўқинг, билим олинг, автомактабингизда назарий ва амалий билимларингизни мустаҳкамланг. Тушунинг, бугун бизнинг имтиҳон тизимида коррупцияга чек қўйилди, деган гапларимиз бекорга эмас. Билимингиз бўлмаса, валломати бўлсангиз ҳам ололмайсиз, дедикми, демак, шундай бўлади. Шиоримиз шуки, билимингиз бўлсагина, ҳайдовчилик гувоҳномасини оласиз ва рулга ўтирасиз. Ҳозирда фақат билим, билим, билим! Бошқачасига иложи йўқ. Пулингиз кўпайиб кетган бўлса, фарзандларингизга ҳўл мева олиб боринг, — дейди Алламжонов.
Изоҳ (0)