Украина президенти Владимир Зеленский 16 март куни АҚШ Конгрессининг йиғилишида онлайн форматда иштирок этади. Бу ҳақда АҚШ қонунчилик палатаси вакилларига Сенатдаги кўпчилик етакчиси Чак Шумер ва Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг мактубига асосланиб, Reuters хабар қилган.
Украина президентининг виртуал чиқиши 16 март Тошкент вақти билан 19:00 дан амалга ошади. Пелоси ва Шумер мактубда Украинага ҳамдардлик билдириб, АҚШ Конгресси мамлакатга ижтимоий ёрдам беришга интилиши, шунингдек, хавфсизлик ҳамда иқтисодиёт борасида ҳам кўмак кўрсатишга тайёрлигини қайд этган.
Шунингдек, CNN телеканали Владимир Зеленскийнинг 11 март куни АҚШ президенти Жо Байден билан суҳбатда ундан Россияга нисбатан янги санкциялар қўллашни сўрагани ҳақида хабар берган. Қайд этилишича, суҳбат чоғида Украина президенти Байдендан Россия учун халқаро денгиз йўлларини ёпишни сўраган.
14 мартда Зеленскийнинг Европа Кенгаши парламенти ассамблеясининг сессиясида видеоконференцалоқа тизими орқали нутқ сўзлаши режалаштирилган эди, аммо номаълум сабабларга кўра у мазкур анжуманда иштирок этмаган.
Аввал Зеленский уруш вақтида 1300 нафар украиналик ҳарбийларнинг ҳалок бўлганини маълум қилгани, гуманитар фалокат жумласи Россия Федерацияси билан синоним бўлиб қолгани ҳақида гапиргани, Украинадаги Россия мулкини компенсациясиз мусодара қилиш тўғрисидаги ва барча украиналикларга қуролдан фойдаланишга рухсат берувчи қонунларни имзолагани хабар қилинган.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)