Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ўзаро виртуал гуруҳ ташкил этиб, экстремистик мазмундаги материаллар тарқатиш билан шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилди, деб хабар беради ЎзА.
Хусусан, Хива шаҳрида яшовчи, 2002—2004 йиллар оралиғида туғилган 4 нафар шахс ўзларининг уяли телефон аппаратлари орқали ижтимоий тармоқлардаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар билан танишиб, халқаро террористик ташкилотлар ҳамда диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Бухорий, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг маърузаларини кўриб, тинглаб, атрофдагиларга ҳам тарқатиб келган.
Шунингдек, улар Суриядаги террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни мақсад қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда Facebook орқали ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган шахс ушлангани, Сирдарёда халқаро террористик ташкилотга аъзолиги учун қамалган маҳкум қамоқхонадан туриб экстремистик гуруҳ тузгани, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида экстремистик ташкилотларга алоқадор 24 нафар шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)