“Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасида ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларнинг ҳимоясини таъминловчи, ваколатли шахслар ҳамда органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хабар берган шахсларни ҳимоя қилишни таъминлашга оид қарорлари ижро этилиши мажбурийлиги, хабар берган шахсларни молиявий ва моддий-техник таъминлаш ҳимоя чоралари белгиланмоқда.
Хабар берувчига қуйидагилар кафолатланмоқда:
- хабар берувчининг ҳаёти, соғлиғи, шахсий ва ишчанлик обрўси ҳамда мол-мулкининг ҳимоя қилиниши;
- хабар берувчининг шахсига оид маълумотлар ёки бошқа сир тутилиши зарур бўлган маълумотларнинг учинчи шахсларга ошкор қилинмаслиги;
- зарур ҳуқуқий ёрдам билан таъминланиши;
- хабар берувчидан қасд олишга қаратилган ҳаракатлар, шу жумладан уни ноқонуний таъқиб қилиш ва жазолашга йўл қўймаслик;
- хабар берганлиги туфайли ишдан бўшатиш, лавозимини пасайтириш, камситиш, босим ўтказиш ва бошқа шаклларда таъқиб қилинишига йўл қўйилмаслигининг таъминлашиши.
Шунингдек, хабар берувчи яқин қариндошларига нисбатан ҳимоя чораларини қўллашни талаб қилиш, давлат органларининг қарорлари, мансабдорларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), меҳнат қонунчилиги бузилиши устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисидаги қарор антикоррупция агентлиги, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар, терговга қадар текширув органлари, суриштирув органлари, дастлабки тергов органлари, прокуратура органлари ва суд томонидан қабул қилинади.
Таъқиб ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида хавфсираш учун етарли асослар бўлганида хабар берувчига ҳимоя чораларини таъминловчи давлат органлари томонидан ҳимоя ордери берилади.
Хабар берувчиларнинг хавфсизлиги ИИВ, ДХХ, Миллий гвардия ва уларнинг ҳудудий органлари томонидан таъминланади.
Изоҳ (0)