Ҳиндистонлик 16 ёшли гроссмейстер шахмат бўйича 5 карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлубиятга учратди.
Champions Chess Tour турнирлар серияси доирасидаги Airthings Master онлайн-мусобақасида 16 ёшли Рамешбабу Прагнанандҳа 39-юришда норвегиялик шахматчини мағлуб этди. Қайд этиб ўтиш ўринли, Рамешбабу 12 ёш, 10 ой-у 8 кунлик вақтида гроссмейстерга айланган.
Airthings Master мусобақаси 19 февралдан 26 февралга қадар давом этди ва унда Магнус Карлсен чемпионга айланди. Карлсен финалда россиялик гроссмейстер Ян Непомняшийга қарши дона сурди ва ғалаба қозонди.
Маълумот учун, ушбу нуфузли мусобақада рапид йўналиши бўйича амалдаги чемпион, ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этди. Нодирбек мусобақа доирасида яна бир бор Карлсен билан ўйнаб, дурангга имзо чекди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг декабрь ойида Варшава шаҳрида шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов Магнус Карлсенни мағлубиятга учратиб, якунда рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионига айланган эди.
Изоҳ (0)