Андижон вилоятининг Бўстон ва Шаҳрихон туманларида фуқароларнинг ўқишини кўчириб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Бўстон тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ж.У. ва бошқалар фуқаро С.Т.нинг ишончига кириб, унинг Қирғизистон университетидаги ўқишини танишлари ёрдамида Андижон давлат университетига кўчириб беришини айтган. У хизмати эвазига 1 минг 800 долларни ўзи фаолият олиб бораётган «Н.А» МЧЖ ишчиси М. орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департамент ҳамда ДХХнинг Шаҳрихон тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро М.М. фуқаро Қ.Қ.нинг ўқишини Қирғизистон Ўш давлат университетидан Андижон давлат тиббиёт институтига кўчириб бериш эвазига 1 минг 300 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)