Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик шоҳкўчасидан ўтган туннел реконструкция қилинмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, реконструкция давомида туннел деворлари фибро бетон билан қопланади, ёритиш тизими таъмирланади.
«Таъмирлаш ишлари давомида пиёдалар ва автомобиллар учун ҳаракат чекланмайди, аммо кузатилиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентдаги Алишер Навоий шоҳкўчаси тўлиқ реконструкция қилиниши, Тошкентнинг Бобур кўчасида яшил майдонлар ташкил этилиши сабаб йўлнинг бир қисми ёпилиши мумкинлиги, Тошкентнинг Абдулла Қодирий кўчасидаги туннелда ҳаракат қисман чеклангани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 31 декабрида Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасида барпо этилган туннелнинг очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Шаҳардаги тирбандликларни қисқартириш мақсадида автомобиллар қатнови учун расмий фойдаланишга топширилган туннел 143 миллиард сўмга барпо этилган. Фойдаланишга топширилганлигига бир ҳафта бўлмаган ушбу туннелда 2022 йил 3 январдан 4 январга ўтар кечаси ёғган ёмғир натижасида сув сизиб чиқа бошлаганди.
Изоҳ (0)