Адлия вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Севара Ўринбоева маълум қилди.
Маълум қилинишича, шартномавий муносабатлар фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинади ва ўз мажбуриятларини бажармаган субъектлар шартнома шартларига ёки фуқаролик қонунчилигига кўра жавобгар бўлади.
Лойиҳада қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилмоқда:
- дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юборганлик;
- корхоналарнинг ҳисоб варақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузганлик;
- шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликлар бекор қилинмоқда.
«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, илғор хорижий давлатлар қонунчилигида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ҳолатини маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этиш амалиёти мавжуд эмас», — дейилади хабарда.
Лойиҳа Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган.
Изоҳ (0)