Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилишини айтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Йилдан йилга автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар сони кўпайгани билан уларнинг маданияти, ўзаро ҳурмат ва билим-тажрибаси пасайиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. Масалан, аварияларнинг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этган. Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олади, лекин 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди», — деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Таълим инспекцияси автомактаблар назоратини эплай олмади.
«Қайси ҳоким ёки ички ишлар бошлиғи бирор марта автомактабларга борган, улардаги ўқиш жараёни билан қизиққан? Умуман, Таълим инспекцияси автомактаблар назоратини эплай олмади», — деган у.
Қайд этилишича, энди ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилади. Бунда:
- Ички ишлар вазирлиги автомактаблар ва имтиҳон марказларига талабларни қайта кўриб чиқади, уларга лицензияларни ўзи беради;
- Ички ишлар академияси автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини оширишга жавоб беради;
- Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритади.
Изоҳ (0)