«Толибон» ҳукумати Афғонистонда ҳокимиятга келганидан буён илк бор раҳбарлик лавозимларига аёлларни тайинлагани ҳақида маълум қилди.
«Толибон» матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳиднинг Twitter’да ёзишича, доктор Малалай Раҳим Кобулдаги ихтисослаштирилган туғруқхонага, доктор Ариан эса Кобул тиббиёт университети клиникасига раҳбарлик қилишни бошлаган.
EFE нашри таъкидлаганидек, аёлларнинг раҳбарликка тайинланиши толиблар ҳукумати учун мисли кўрилмаган қадамдир. «Толибон» даврида аёллар фақат баъзи давлат тузилмаларида, масалан, таълим муассасаларида оддий лавозимларда ишлайди.
Аввалроқ «Толибон» Афғонистонда талабалар учун университетларни қайта очишга рухсат берганди. Шу билан бирга, Афғонистон олий таълим вазири қизларнинг ҳам ОТМлардаги ўқув машғулотларига қайтиш ёки қайтмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб беришни истамаган. Бунгача «Толибон» жорий йил 21 мартдан бошлаб, яъни янги ўқув йилидан мамлакат бўйича қизлар учун мактаблар очилишини ваъда қилган.
«Толибон» мамлакатда яна ҳокимият тепасига келган август ойида ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид аёлларга «ислом қонунлари доирасида» ишлаш, ўқиш ва жамият бошқарувида иштирок этишга рухсат берилишини айтган эди.
Кейинчалик Мужоҳид Афғонистондаги ишлайдиган аёлларни ўз хавфсизлиги учун уйдан чиқмасликка чақирган. «Бизнинг хавфсизлик кучларимизга аёллар билан қандай муносабатда бўлиш, улар билан қандай мулоқот қилиш ҳақида ўргатилмаган. Мамлакатда тўлиқ хавфсизлик ўрнатилмагунча аёллардан уйда қолишини сўраймиз », — деган ҳаракат вакили.