АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) америкалик спортчиларни Хитойда ўтказиладиган қишки Олимпиада ўйинларида шахсий смартфонларидан фойдаланмасликка чақирди, деб хабар беради Daily Mail.
ФҚБ хавфсизлик нуқтаи назаридан Пекиндаги Олимпиадада смартфонлар ва бошқа шахсий гаджетларни ишлатишдан тийилишни, потенциал киберҳужум ва шахсий маълумотлар ўғирланишидан ҳимояланиш мақсадида вақтинчалик қурилмалардан фойдаланишни тавсия қилмоқда. Маълум қилинишича, айрим миллий олимпия қўмиталари ҳам, шахсий смартфонлардан фойдаланишни маслаҳат бермаяпти.
Идоранинг қўшимча қилишича, Олимпиадада иштирок этиш ёки мамлакатда қолиш учун зарур бўлган мобил дастурларни юклаш ва улардан фойдаланиш шахсий маълумотларнинг ўғирланиш ёки кузатувларга сабаб бўлиш эҳтимоллигини оширади.
Бундан ташқари, бюро Пекиндаги Олимпиада ва Паралимпия ўйинларига халақит беришга қаратилган бир қатор киберфаолиятлар хавфи ҳақида огоҳлантирган.
«Ушбу ҳаракатларга DDos-ҳужумлар, тамагир-вируслар ва зарарли дастурлардан фойдаланилган ҳужумлар, ижтимоий инженерия, маълумотларнинг тарқаб кетиши ва ўғирланиши, фишинг ҳужумлар, ёлғон маълумотлар кампанияси ва тизим ичи таҳдидлари киради», — дейилади идора хабарида.
Аввалроқ АҚШ ва Австралия ортидан Британия ҳам Пекинда ўтказиладиган Олимпиада ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилган эди. Дипломатик бойкот расмий делегацияларнинг Олимпиадага боришдан бош тортишини англатади. Ушбу чекловлар спортчиларга таъсир қилмайди.
XXIV қишки Олимпиада ўйинлари Пекинда 2022 йилнинг 4—20 февраль кунлари бўлиб ўтади. 4—13 март кунлари Хитой пойтахти Паралимпия ўйинларига мезбонлик қилади.