Шавкат Мирзиёев раислигида 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлат раҳбари ўқитиш методикаси тўлиқ қайта кўриб чиқилишини таъкидлади, деб хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Қайд этилишича, муаллимларга муносиб шароитлар яратилади, уларнинг билим ва малакаси, дарс ўтишига талаб ҳам тубдан кучайтирилади.
«Барча даражадаги ҳокимлар бир нарсани чуқур англаб етиши керак — бугундан ‘Ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги’ бошланади», — деди президент.
Туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилади.
«Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади.
Нима учун кенгашлар қиляпмиз? Чунки бу ишларни, албатта, халқимиз билан, кенг жамоатчилик билан кенгашиб, уларнинг фикрлари асосида амалга оширамиз. Ҳар бир янгиликни ўқитувчилар, мутахассислар, ота-оналар билан бамаслаҳат киритамиз», — деди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)