«Келинлар қўзғалони» фильмидаги Аббос ролини ижро этган актёр Муҳаммаджон Раҳимов ёдингиздами? У ёш бўла туриб, кўплаб томошабинларнинг кўнглидан жой олганди. Машҳурликда улғайган болакай ким сабаб кино оламига кириб келган ва бугунги кунда нималар билан банд? Келинг, бу саволларга актёрнинг ўзидан жавоб олсак.

«Актёр бўлишимга туғруқхона сабаб бўлган»

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— Кутилмаган тасодиф сабаб, кино оламига кириб келганман. Укам Муроджон Сергелидаги туғруқхонада дунёга келган. Отам иккимиз онамни кўриш учун туғруқхонага борганимизда, хонадаги аёллардан бири мени зимдан кузатган экан. Унинг турмуш ўртоғи Жашлиғ ака иккинчи режиссёр бўлиб фаолият юритар экан. Хуллас, онам у аёл билан яқин дугона бўлиб қолган. Аёл мени ширин ва уддабурон деб турмуш ўртоғига мақтагач, икки йилдан сўнг Жашлиғ ака мени фильмга таклиф этган. Қўлим сингани учун кино съёмкага бормайман, деб роса хархаша қилганман. Ота-онам қаршилигимга қарамай Элёр Эшмуҳаммедовнинг «Даҳонинг ёшлиги» фильмида эпизод ролни ижро этишимга кўндиришган. Хуллас, туғруқхонадаги учрашув сабаб кино оламига қадам қўйганман.

«Орзиқиб кутилган фарзандман!»

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— Онам болалигида актриса бўлишни орзу қилган экан. Бобом билан бувим замонасининг диндор инсонлари бўлишгани учун қизларининг орзуларига қарши бўлишган. Шу боис, онам актёр бўлишимни мендан ҳам кўра кўпроқ истаган.

Оилада 11 та фарзанд бўлганмиз. Уч қиздан кейин туғилган ўғил бўлганим учун болаликдан менга бўлган эътибор бошқача эди. Ота-онам эринмай киностудияларга олиб боришар, сценарийни ёдлашимга кўмаклашишарди. Бошқа фарзандларда ҳам санъаткор бўлиш имконияти бор эди. Аммо улар бу соҳани эгаллашни исташмади.

«Рус тилини билмаслигим панд берарди!»

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— Илк ролимни саккиз ёшимда ижро этганман. У пайтларда фильмларнинг суратга олиниши бугунгидан анча мураккаб эди. Фильмлар кинотасмада олингани учун қайта-қайта дубль қилиш қимматга тушарди. Шу боис, жиддий тайёргарлик ишларидан сўнг камера моторлари босиларди. Энг ёмони, у пайтларда фильмлар асосан рус тилида тасвирга олинарди. Мен эса бу тилни яхши билмасдим. Шундай бўлса-да, режиссёрдан танбеҳ эшитмаслик учун рус тилидаги матнни ёдлардим.

Илгари фильмларнинг деярли бари 3-4 ойлаб чекка қишлоқларда суратга олинарди. Тошкент шаҳрида камдан кам фильмлар суратга олинган. Ёш бола учун узоқ вақт уйидан, ота-она меҳридан айро яшаш осон эмас. Шунинг учун ҳар доим актёр бўлмайман, роль ўйнамайман, деб инжиқлик қилардим. Аммо бора-бора бундай муҳитга ҳам мослашиб кетдим. Актёрлар яқинларимдек бўлиб кетишганди. Ижодий жамоанинг эркатойи бўлганман, десам хато бўлмайди.

«Болалик гаштини ҳис қилмадим!

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— Болалик гаштини ҳис қилмаганман, десам муболаға бўлмайди. Чунки 8 ёшимда кинога кириб келган бўлсам, 16 ёшимга қадар йилига камида 2 та фильмда суратга тушардим. Бола бўлиб истироҳат боғига борганимни ёки ёзни дам олиш оромгоҳида ўтказганимни эслолмайман. Аммо минглаб болалар ичидан актёр бўлиш бахти менга насиб этганидан хурсанд бўламан. Чунки бундай омад ҳаммага ҳам кулиб боқмайди.

«Келинлар қўзғалони»даги Аббос

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— «Келинлар қўзғалони» фильмидаги Аббос роли учун кастинг ўтказилган. Унда 325-иштирокчи бўлиб қатнашганман. Фильмнинг суратга олиниши жуда қизиқ кечган. Ўзбекистон халқ артистлари Турсунхон Жаъфарова ва Наби Раҳимов каби устозлар билан бир фильмда суратга тушганимдан бахтиёрман.

Одамлар «Келинлар қўзғалони» бериладиган кун телевизор қаршисидан жилишмасди. Аммо отам раҳматли кибрланиб, юлдузлик касалига чалинишимга йўл қўймаган. Бирор марта суратга тушган фильмимни мақтаганини ҳам эслолмайман. «Ўғил бола ҳар ишни билиши керак», деб энг қийин ишларни менга буюрарди. Кўча-куйда одамлар ҳавас қиладиган актёр болача бўлсам-да, уйда ҳамма қатори эдим. Съёмкалардан қайтгач, укам билан ҳовли ишларини қилардик. Ғишт қуйиб, ўра қазиган кунларимиз ҳам бўлган.

«Кино бугун бор, эртага йўқ»

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— Мактабни тамомлаган йилим бир гуруҳ ёш актёрларни Москвага жўнатадиган бўлишди. Жавоҳир Зокиров, Толиб Мўминов, Фаҳриддин Шамсиматов каби тенгдош ижодкорлар билан Москвага ўқишга борганман. Ўқишни тамомлаганимиздан кейин Москвада ишлаб қолишни таклиф қилишган. Аммо онам 7 та ёш бола билан қийналиб қолганликларини айтиб, Тошкентга қайтишимни сўрадилар. Турган гапки, онамга йўқ деёлмай қайтиб келдим. Мана шу воқеадан сўнг қайсидир маънодаги кинодаги фаолиятим тўхтади.

Кинодаги фаолият ҳеч қачон муқобил бўлмайди. Иш бирда бор, бирда йўқ. Аммо рўзғор ҳамиша қайнаши керак. Олдимда уч йўл бор эди: Москвага қайтиб бориш, кинода ишлаш ёки телеведениедан келаётган таклифни қабул қилиш. Мен вазиятни инобатга олган ҳолда, учинчи йўлни танладим. Ҳар ҳолда, телевидениеда ҳар доим иш бор ва шунга яраша маош берилади.

— Шу кунга қадар давлат телеканаларида турли лавозимларда фаолият юритдим. Иккинчи режиссёр, режиссёр, муҳаррир, маркетинг бўлими бошлиғи бўлиб ишладим. Лекин бирор марта фильмларга таклиф этишса, бирдан рад жавобини бермаганман. Чунки кинога бўлган меҳрим бўлакча. Агар фильм сценарийси ва менга аталган қаҳрамон характери маъқул келса, ҳамкорлик қилишга тайёрман. Аммо очиғини айтай, катта режиссёрлар мактабини кўргач, бошқалар билан ишлаш қийин кечар экан.

«Ёш болага катта гонорар тўлашган»

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— Шунча фильмларда суратга тушгансиз, яхшигина гонорар олгандирсиз, деб кўп сўрашади. Ҳақиқатан ҳам яхшигина гонорар олганман. Аммо аниқ суммаси ҳақида билмайман. Чунки гонорарни ота-онам олишган, менга қанча пул топишимни айтишмаган. Балки буни кўп пул олар эканман, деб ҳаволаниб кетмаслигим учун шундай қилишгандир.

У пайтларда вояга етмаган болани 4 соатдан ортиқ ишлатиш тақиқланган экан. «Ўзбекфильм» мен билан узоқ вақтга шартнома тузарди. Шу боис, катта актёрларга қандай ҳақ тўлашса, менга ҳам шунчадан беришган экан.

«Бугунги кино профессионал эмас»

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— Аввалги режиссёрлар  профессионал эди. Сон учун эмас, сифат учун интилишарди. Актёрлар ҳам ролни шунчаки ижро этмасди, унда яшарди. Ҳозир ҳам яхши ижодкорлар бор, аммо уларга нисбатан нопрофессионаллар кўп.

Мени ажаблантирган нарса, ҳозирги актёрларнинг кўпчилиги суфлёрга зарурат сезади. Агар актёр суфлёрнинг гапини такрорлаб турса, юракдан чиқмайди. Шунинг учун актёр, албатта, сценарийни аввалдан ўқиши, ролига тайёргарлик кўриши керак. Шунда роль ҳам бир-бирига ўхшаш бўлиб қолмайди.

«Фарзандларим санъаткор бўлмаганидан хурсандман»

Фото: Муҳаммаджон Раҳимов архивидан

— Орзуларим жуда кўп. Одам неча ёшга тўлишидан қатъи назар орзу қилишдан тўхтамас экан. Отам раҳматли мени тўйимни кўрмай, эрта оламдан ўтганлар. Шу боис, фарзандларим туғилган кундан бошлаб уларнинг тўйларини кўришни орзу қиламан. Тўнғич қизимни икки йил аввал турмушга бердим. Ўғлим инглиз тилини ўрганиб, логистика соҳасида ишлаяпти. Кенжа қизим эса олийгоҳга киришга тайёргарлик кўряпти. Фарзандларимнинг ҳеч бири санъат соҳасини эгалламаганига афсусланмайман.

Келажакда актёрлар фондини очишни режалаштираяпман. Вилоятда ижод қилаётган ва баъзи сабабларга кўра унитилаётган актёрларга моддий ва маънавий кўмак беришни ният қилаганман.

Муаллиф:Наргизахон Муродова