Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 14 декабрь куни тунда номаълум шахслар қурилиш режалаштирилаётган ҳудуддаги 10 та дарахтни арралаб кетганди. Туман прокурори Саидкарим Мухтаров ҳолатга муносабат билдирди.
Ўрганишлар давомида диаметри 28, 26,7, 37, 18, 27,7, 25, 23,8, 21, 18,7 ва 22,2 сантиметрли дарахтлар арралангани аниқланганди. Ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг таъкидлашича, аввалроқ ҳам дарахтларни қуритишга уринишлар бўлган. Қурилиш амалга ошиши керак бўлган ҳудуд олдин ўраб олинган, арчаларни қуритиш учун таглари кесиб чиқилган.
Кечаси 10 туп дарахт кесилгач, экологлар ботаника боғи мутахассисларини жалб қилган ҳолда зарарланган дарахтларни сақлаб қолиш учун агротехник тадбирларни амалга оширган. Қарағай дарахтлари танасидаги жароҳатлар даволанган ва ёпилган, дарахтлар рақамланган. Шов-шувларга қарамай, дарахтларга иккинчи марта суиқасд уюштирилган. 10 январга ўтар кечаси номаълум шахслар яна 4 туп элдор қарағайини кесиб ташлаган.
Қайд этилишича, Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳасида кесилган 10 та қарағай сабаб ўсимлик дунёсига 83 миллион сўм зарар етган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)