Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Дарё» мухбири Наргиза Муродова актриса Баҳора Арслонова билан интервью ташкил қилди. Суҳбат давомида актриса баъзи ҳамкасбларидан нима сабабдан ранжигани, санъатдаги гап-сўзлардан чарчагани ва турмуш ўртоғини Россияга кетмасликка кўндиргани учун афсусланиши ҳақида гапирди.

«Фарзандимни икки йил кутдим»

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

— Тўйдан кейин икки йил ҳомиладор бўлолмадим. Бу ҳис қанчалар оғир эканлигини фарзандли бўлишни кутаётган инсонлар жуда яхши билишади. Шу боис илк ҳомиламни атрофдагилардан яшириб, ўзимни оиламга бағишладим. Буни асанъатдаги дугоналарим турлича талқин қилишди. Ҳатто, санъатдан кетганим, ўрнимни йўқотганим ҳақида ҳам гап-сўзлар бўлди. Турмуш ўртоғимга улардан ранжиганимни айтсам, «Ҳаммаси яхшиликка, атрофдагиларнинг ичидагини билиб олдинг», деди. Ишонасизми, ўша пайтда ёнимда санъатдаги «қадрдонларим»дан ҳеч ким қолмади. Фарзандим дунёга келгач, аста-секин режиссёрлар сериалларга таклиф этишни бошлашди. Ижодимга бўлган муносабат аввалгидек яхшилангани учун атрофимдаги инсонлар сони ҳам кўпайди.

«Санкт-Петербургда қолмаганимга афсусланаман»

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

— Тўйдан аввал турмуш ўртоғим Санкт-Петербург шаҳрида яшарди. Мен ҳам бир муддат у ерда яшадим. Аммо яқинлар соғинчи ва ижодим сабаб,  Ўзбекисонга қайтиб келишни сўрадим. Аммо бу қароримдан ҳалигача афсусланаман. Турмуш ўртоғим ҳам «Сиз сабаб спортдан ва ўз ўрнимни топган Санкт-Петербург шаҳридан кетдим», деб гапираверади. Гапини ҳазилга йўяман-у, аммо барибир қароримдан афсусланаман. Ўзимни ривожлантириш учун ҳам таваккал қилишим керак эди, деб кўп ўйлайман. У ерда режиссёрлик бўйича таҳсил олиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида фильм олармидим, деб афсусланаман.

«Дугоналар шоусидаги иштироким панд берди»

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

— Тарихга қизиқсам-да, бирорта тарихий фильмда суратга тушмаганман. Аммо от спорти билан шуғулланганимни ва қиличбозлик бўйича малакам ҳам яхши эканлигини режиссёрлар яхши билишади. От билан боғлиқ мураккаб трюкларни ҳам қийинчиликсиз бажара олишимни яхши билишади. Аммо режиссёрлар таклиф этишмайди.

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

Кастингларда иштирок этишдан оғринмайман. Улар актёрни ўз устида ишлашга, изланишига ундайди. Аммо кастингдан кутилган натижага эришмагач, ҳафсалам пир бўлади. Фильм олингач, атайин кўраман. Мен хоҳлаган ролга кимни олишибди, у қайси жиҳатлари билан мендан устун эди, деган саволга жавоб олишга ҳаракат қиламан. Минг афсуски, мазза қилиб, ижро этадиган эпизодни қойиллатмаганидан кейин аччиқланаман.

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

Режиссёр Иброҳим Расулов шоира Зулфияхоним ҳақида фильм олишини айтиб, кастингга таклиф этди. Орадан анча вақт ўтди, мен кастингга жиддий тайёргарлик кўрдим. Шоиранинг ҳаёт ижодини ўрганиб, Жиззахга  ҳайкалини ҳам зиёрат қилиб келдим. Кастингда энг таъсирли эпизодни ижро этиб, мазза қилдим. Режиссёрга кастингдан ўтмасам ҳам хабар беринг қўйинг, дегандим. Орадан анча вақт ўтиб, фильм суратга олинаётгани ҳақида эшитдим. Энг ёмони ўша ерда «Баҳора ролни яхши ижро этди, фақат у ‘Дугоналар шоу’ кўрсатувида иштирок этгани учун уни ролга олмадик», дейишибди. Кўрсатув билан фильмнинг нима боғлиқлиги бор деб ҳайрон бўлдим.

«Акам оти сабаб бир ўлимдан қолди»

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

Фото: Instagram / @bahora_arslonova

— У қадар кийим-кечак ёки мол-дунёга қизиқадиган аёл эмасман. Аммо пул тўплаб, от сотиб олишни орзу қиламан. Чунки мен харид қилмоқчи бўлган от жуда қиммат туради.Оиламиз анъанасига кўра, отам раҳматли ҳар бир фарзандига биттадан тойчоқ совға қилганди. Унинг ўлимидан  кейин  бу ишни акам давом эттиряпти. От уйнинг баракаси ҳисобланади. Кичик акам Туркиядаги чемпионатда иштирок этаётганда юраги оғриб қолган. Қишлоқда қолган от зовур бўйида арқонига бўғилиб ўлиб қолган. Ўшанда ёши катталар акамнинг бошига тушиши мумкин бўлган кулфатни от ўзига тортиб олганини айтишганди. Менга аталган от эса бироз эътиборсизлик ва соғинчдан ўлиб қолди. Афсуски, бундан анча кейин хабар топдим.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда «Дарё»нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар