Ўзбекистонда 2022 йилда ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги президент фармони лойиҳасида сўз боради.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2022 йил майга қадар Олий таълим муассасалари имкониятларини ҳисобга олган ҳолда таълим шакллари, шу жумладан, масофавий таълим шакли бўйича ҳам қабул квотани шакллантириш белгиланмоқда.
Шунингдек, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти янада кенгайтирилади, бунда босқичма-босқич масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Олий таълим тизимида масофавий таълим шаклини жорий этиш орқали ёшларни ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, фармон лойиҳасида қабул параметрини шакллантириш ва тасдиқлашни соддалаштириш, ушбу жараёнда олий таълим муассасалари ваколатини кенгайтириш ҳам назарда тутилган. Бунда, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини олий таълим муассасалари томонидан белгилаш тартиби жорий этилади, 2026 йилда қабул кўрсаткичи камида 250 мингга етказилади.
Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларининг умумий рейтинги тузилгани, Ўзбекистонда хорижий олий таълим ташкилотлари сони сўнгги 3 йилда икки баробар ошгани, мамлакатда молиявий мустақил ОТМларга қўшимча ваколатлар берилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)