Бемор кимдан ё нимадан шифо топса, ўша даво усулини маъқуллайди, атрофидаги ўзига ўхшаш хасталарга ҳам шуни тавсия қилади. Тиббиёт шиддат билан ривожланиб, энг замонавий технологиялар қўлланмасин, ҳар ким нажот топганини танлайверади. Шунинг учун минг йиллардан бери табобат тиб илмидан ортда қолмасликка ҳаракат қилади. Бироқ қонуний фаолиятга ҳар доим ҳам рухсат берилмагани, соҳага нисбатан нохолис муносабат ўзбек табобати ривожига таъсир этмай қўймаган.
«Дарё» мухбири Ўзбекистонда халқ табобати бўйича илк илмий изланишларни бошлаб берган, юридик фанлар доктори, профессор, Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров билан табобатчиликдаги камчиликлар, муаммо ва қилиниши зарур ишлар хусусида суҳбатлашди.
— Табобат илми минг йиллардан бери самарали, содда усулдаги шифоси билан машҳур. Унга нисбатан қараш ва ишонч ҳам турфа: кимдир табобатни тан олса, бошқаси рад этади. Яна баъзилар табибу табобатни илоҳийлаштириб, қолган илмларни рад этаверади. Ҳақиқий табобат аслида қандай бўлади?
— Оғир боца ҳам айтай, халқимиз орасида сеҳр-жодуга ишонадиган, шу билан шуғулланадиганлар йўқ эмас. Бирор касалликни ўн йиллаб юриб-юриб зўрайтириб юборамиз-да, кейин мўъжиза рўй беришини, қандайдир куч бизни муаммодан халос этишини кутамиз. Табиб дейилса, кўпнинг хаёлига сеҳргар, афсонавий одам келади. Бу жуда ачинарли ҳол.
Табиб — табиат ато этган неъматлардан фойдаланиб оддий, халқона усулда бирор касалликни даволайдиган шахс. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган нормага кўра, ўсимлик, ҳайвон ва маъдандан фойдаланган ҳолдагина табобат билан шуғулланиш мумкин. Диний маросим, сеҳр-жоду табобат деб аталмаслиги алоҳида таъкидланган.
Лекин аксар фирибгар «табиб»лар касрига ўқимишли, ишининг моҳиятини англайдиган табиблар қолиб кетяпти. Бу эса табобатга гуноҳ, жиноятдек қаралишига шароит яратяпти. Энг ёмони, уларни излаб топадиган, ўз оёғи билан борадиганлар ҳам шу халқ орасида. Диний илмимиз шунчалик сустки, шифони Аллоҳдан эмас, бандасидан тавоф қилиб сўрашгача борамиз.
Шу йил бошида Ўзбекистонга келган, табиб деб аталган Али Муҳаммад Курдистоний билан боғлиқ воқеа бутун миллатни уялтирди. Кўрнинг кўзини бир нафасда очиш ёки юролмайдиган одамни бир уринишда юргизиш мумкинлиги динда қандай баҳоланади, қандай ҳукми бор? Буни диний уламолар хулоса қилади, албатта. Аммо уни табиб деб аташнинг ўзида мантиқ тополмадим. Чунки у табобатга оид қонунларимизда белгиланган бандларнинг ҳеч бирини қўлламаган. На ўсимлик, на ҳайвон ва на маъданлардан фойдаланди.
Умуман, табобатга ишончсизлик тарихи анча узун. 1926 йили Совет ҳукумати табиблар фаолиятига чек қўйди, мол-мулкини мусодара қилдириб, беш ёшга тўлган фарзандлари билан сургунга юбориб, табибликни қатъий тақиқлади. Мақсад — табобатни дин билан боғлаб, уни чеклаш орқали динга ҳам билвосита таъсир ўтказиш эди. Қарангки, орадан шунча вақт ўтди, Иттифоқдан ажралиб чиққан кўплаб давлатлар, жумладан, Россиянинг ўзида ҳам табиблик фаолияти расмий ном олиб маълум уюшмалар ташкил этилди. Аммо бизда уларнинг фаолияти норасмий ҳолатда турли чекловлар остида қолаверди.
— Мутахассислигингиз бўйича ҳуқуқшунос, юридик фанлари докторисиз. Аммо кейинги фаолият ва илмий изланишларингиз бевосита табобат билан боғлиқ. Бунга сабаб нима?
— Отам Абдуқаҳҳор ҳожи табиб бўлганлар. Болалигим табиблар, зиёлилар орасида ўтди. Ёшлигимда қаергадир маълумотнома бераётиб, «Отасининг касби» деган бандга табиб деб ёзсам, ҳужжатни қайта тўлдир, дейишарди. Сабаб сифатида табиб деган касб йўқлиги, сувчи, деҳқон ё тракторчи — аҳамиятсиз, тўғри келганини ёзишимни айтишарди. Ақлимни танимаганман, шекилли, «Бунақа касб йўқ экан, отам нега табиблик қилади?» деб кўп ўйлардим. Вақт ўтиб юридик соҳани битирдим, диссертация ёқладим. Мавзуйимнинг табобатга зиғирча алоқаси йўқ эди.
2015 йили Инсон ҳуқуқлари марказида ишлардим. Орган ходимлари устингиздан шикоят тушган деб отамни чақириб, норасмий фаолият олиб бораётганликда айблашибди. Лекин отамнинг қандайдир қоидани бузгани ёки кимгадир зиёни теггани ақлга сиғмасди. Юрист сифатида ҳам айбсизлигини шундоқ кўриб-билиб турардим.
Хўш, уни норасмий фаолиятда айблашяпти, расмийси қанақа бўлади, деб қонунларни ўргандим, манбаларни кўтардим. Ҳеч нарса йўқ — бўм-бўш. Демак, шу соҳани тўлдирсам, отам қатори бошқа табибларнинг «йўқ» ҳуқуқлари бор қилинади, дея енг шимардим.
— Айни дамда табибларни бирлаштириб турувчи расмий ташкилот — Халқ табобати ассоциацияси мавжуд. Уни ўзингиз бошқарасиз. Ассоциация қачон ва қай тариқа ташкил этилди?
— 2015 йили отам билан боғлиқ воқеадан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Ўзбекистонда халқ табобатини тартибга солиш ва бошқариш» мавзусида докторлик ишимнинг мавзусини тасдиқлатдим. Халқ табобати бўйича 130 дан ортиқ мамлакат тажрибасини ўргандим. Табиблар статистикасини излаб тополмагач, вилоятма-вилоят таниш табиблар билан юриб, уларнинг фаолияти, муаммолари, сохта ё ҳақиқийлик мезонлари қандай бўлиши ҳақида хулосалар қилдим. 2018 йили «Ўзбекистонда халқ табобатини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» президент қарори имзоланди.
Қарор ижросини таъминлайдиган ишчи гуруҳ орасига илмий тадқиқотчи сифатида мени ҳам қўшишди. Шу вақт орасида халқ табобатига оид юздан ортиқ илмий мақола ёздим. Монография чиқардим. Қарорга яна бир банд — табибларни бирлаштирувчи ННТ ташкил этилишини қўшишга эришгачгина диссертациямни ҳимоя қилдим. Изланишнинг амалий натижаси бўлмаса, ҳимоядан ҳеч қандай наф йўқ.
Ўшанда ассоциацияни тузиш вазифаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклатилганди. Ассоциация тузилгач, соҳани ўрганган, ҳуқуқий жиҳатдан илми кўп деб раис сифатида ўзимни сайлашди.
— Охирги пайтлари ижтимоий тармоқларда турли сохта табиблар, халқнинг ишончига кириб, беморларни алдайдиган олғирлар кўпайгани ҳақида хабар берилмоқда. Ўша фирибгар аниқлангунича, қанчадан қанча бемор соғлиғини йўқотган, вақти, маблағини аямай сарфлаган бўлиши мумкин. Биргина жазо билан шундайларнинг танобини тўғрилаш, тавбасига таянтириш мумкинми?
— Табибларга табиблик мақомини на бирор мансабдор, на қандайдир масъул ташкилот беради. Улар халқники ва мақомни ҳам ўзи беради. Шунинг учунам халқ табобати-да. Кимки, фириб ва сохталик билан табибликни касб қилса, биринчи навбатда, халқнинг ўзи уни жазолайди. Шунчаки, қабулига бормай қўяди, холос.
Жазодан аввал бир гапни айтай. Собиқ Иттифоқ вақтида чаласавод, табибликдан деярли хабари йўқлар қатори қўли енгил, касбининг ҳақиқий эгаси бўлган табиблар ҳам бирдек таъқиб, чеклов ичида яшаган. Илмий ишимни ёзиш давомида жиноят иши қўзғатилган, судланган табибларнинг ҳужжатларини олиб, кўздан кечирганман. Ҳужжатлардан кўнглим тўлмаганда, уларнинг ўзини топиб суҳбатлашганман.
Тажрибали табибларни назорат қилиш, жазолаш ҳуқуқига эга исталган орган ходими идорасига чақириб, сўроққа тутаверган. Ундан ҳақиқатда табиб ё табиб эмаслигини исботлаш учун ҳужжат сўрашган. Одатда табиблар беморларининг исм-фамилиясини ёзиб, рўйхат тузишади. Агар шу далил кўрсатилса, ишончли бўлса, унга янги айблов – солиқ тўламаслик айбини юклашган. Йўқса, фирибгарлик, товламачилик, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш каби турли моддалар билан жавобгарликка тортишган. Чунки қонун ҳужжатларида табиблик фаолияти билан шуғулланишдаги хатолик ҳақида норма бўлмаган.
Бу ғалвалардан ўтган табиб солиқ тўлайман деб идорага борса, тўлаш тўғрисидаги мезонни топиб беришолмаган. Навбатдаги муаммо — лицензия. Рухсатнома олиш учун борилганда, вазирлик унга бундай рухсатнома бериш ҳуқуқига эга эмаслигини айтиб, ортга қайтарган. Мантиқсизлик ҳам ана шунда: табобат ҳақида қонуннинг ўзи йўқ, аммо уни «бузганлик» учун жавобгарлик бор.
Бир қоидани унутмайлик – чин табиблар, инсоф-виждонини пулга айрибошламаганларни «табиб»лар қаторига қўйишдан аввал ким тўғри, ким ёлғончи эканини аниқлаш зарур.
Агар ҳозир ҳам уларнинг фаолияти турли давлат органлари томонидан назоратга олинса, юқоридаги тарих такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Айнан шунинг учун ҳам Табиблар ассоциацияси давлат эмас, нодавлат ташкилот сифатида иш бошлади.
— Табобатни рад этадиган ёки ундан даво топмаганлар табибларни ёппасига «саводсиз», «фирибгар», «ҳамма касалликка битта ўсимлик ё гиёҳни беради» дейди. Шу ва шунга ўхшаш фикрларда нечоғлик ҳақиқат бор?
— Кузатиш ва илмий изланишларимга таяниб, бундай гапларнинг кўпи мулоҳаза қилинмай айтилган, нохолис, баъзан уйдирма дейишим мумкин. Келинг, уларни шартли равишда «чўпчак» деб атай ва мисол билан тушунтираман.
Биринчи чўпчак: «Табиблар саводсиз бўлади».
Табиблардан тиббий маълумот талаб қилинмаслиги қонунчиликда белгиланган. Аммо бу билан улар саводсиз ва илмсизга чиқиб қолмайди. Табиблик отадан болага, устоздан шогирдга ўтади. Худо юқтирмаса, бекор. Қолаверса, тиббиётда фаолият олиб борган, турли илмий даражаси бор шифокорлар ҳам даволашда эркинлик истаб ёки нафақага чиққач, шу касб билан шуғуллангилари келади негадир.
Иккинчи чўпчак: «Бошқа соҳада ўзини тополмаганлар табиблик қилади».
Юқорида айтганимдек, ким фириб билан табибликни касб қилса, узоққа бормайди. Даво топмагач, халқнинг ўзи улардан узоқлашади. Илгари бошқа соҳада бўлиб, кейинчалик табобатга ўтганларнинг тарихини суриштирсангиз, ота-бобоси табиб бўлиб чиқади. Қон устун келиб, шу иш билан шуғулланмаса, кўнгли тинчимайди. Қолаверса, ҳар бирининг даволаш усули, «сир»и бор. Бу «сир» оиладан ташқарига чиқмайди. Ўша оиладаги болалар ҳам катталарнинг ишини кузатиб, ёрдамчи бўлиб соҳани ўрганишади.
Учинчи чўпчак: «Табиб ҳамма касалликка битта дамлама бериб алдайди».
Табиатда шунчалик мукаммал ўсимликлар борки, ҳар бири минг дардга даво бўлиши мумкин. Мисол учун, битта заъфарон (шафран)ни олайлик. Ибн Сино унинг 100 дан ортиқ касалликка даволигини айтиб кетган. Сиз табибга бориб, холестериним кўп, бошимда қон яхши айланмаяпти, қанақа гиёҳ берасиз десангиз, заъфарон дейди.
Кимдир келиб хотирам паст нима қилай дейди. Заъфарон ич дейди. Яна бошқаси кайфиятим йўқ, тушкунликдан қутулолмаяпман деб нолиса, унга ҳам заъфарон тавсия қилинади. Чунки бу ўсимликнинг кўплаб касалликларга даво бўлиши ҳақида ҳам илмий, ҳам амалий асослар бор-да.
Ҳозирда доривор гиёҳларни етиштириш бўйича ҳам катта имкониятлар юзага келган. Бахмал туманида юзлаб гектар жойга заъфарон ўсимлиги етиштирилаётгани биргина мисол.
Агар табиат неъматларидан оз-оздан еб юрсак, ҳар кун бир еримиз оғриб, турли-туман дори, табиб-у шифокорга эҳтиёж сезавермасдик. Касаллик оғиздан киради, шифоси ҳам оғиздан киришига имкон бериш керак. Токи терини тешиб, овқат юборишгача олиб борилдими, демак, ўша беморнинг ўзигина соғлиғининг ёмонлашувига асосий сабабчи.
— Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ташкил этилганига кўп бўлмади. Бунгача табибларни бирлаштириб ва уларнинг фаолиятини тартибга соладиган ташкилот йўқ эди, дедингиз. Ассоциацияга аъзолик муайян талаблар, қоидалар асосида амалга ошириладими? Аъзолик уларга қандай имконият ва мажбуриятларни юклайди?
— Табиблар ассоциацияси — табибларни етиштириб берадиган ташкилот эмас. Биз шунчаки уларнинг мониторингини қиламиз. Бирор кўмак керакми, қайси табиб қаерда, қандай касалликка муолажа қилади, даволаши қай даражада самарали, неча киши унинг эшигида навбатда турибди, устидан шикоятлар тушмаяптими каби саволларга жавобни мунтазам равишда тўплаб борамиз.
Ҳар бир вилоятда ассоциациянинг филиали бўлиб, у ердаги ходимларимиз аъзо бўлиш истагидаги табибларнинг манзилида бўлиб, ишини ўрганишади. Паспорт нусхаси, расм, тиббий маълумотнома, наркологик, руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туриш-турмаслиги, судланган-судланмагани тўғрисида ҳужжатлар ҳар бир табибдан талаб қилинади.
Ассоциацияга аъзо бўлиш истагидаги табиблардан талаб қилинадиган яна бир нарса, уларнинг табиблигини исботловчи далил — даволаган беморлари рўйхати. Табиб беморларнинг паспорт нусхаси, касаллик тарихи, неча кунда даволагани, қандай муолажалар қилгани жамланган рўйхати билан келиши керак. Кўп йиллик табибларнинг рўйхатида минглаб одамларнинг номи қайд этилган бўлади.
Бугун табибдан шикоят хати тушса, махсус тузилган кенгаш унинг фаолияти қонун доирасидан қай даражада ташқарига чиққанини ўрганади. Агар беморга зарар етган бўлса, ўша зиён-заҳмат табибнинг муолажасидан бўлганми ёки йўқ – маълум мезонлар асосида текширилади.
Уларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланиши, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида даромад солиғи тўламай стажга эга бўлиши, энг муҳими, қилаётган иши касб мақомига эгалиги ассоциация берадиган имкониятлардан.
Халқ табобати шундай бир тизимки, буни тўлақонли расмиятчиликка тортиш ноўрин. Ассоциацияга аъзолик ҳам мажбурий эмас.
Табиб ва бемор ўртасидаги пул муносабатларига эса ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқ. Умуман олганда, қоида бўйича ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг барчасида ҳам шундай.
Биласиз, жуда кўплаб ННТ, уюшмалар аъзолик бадаллари ҳисобига ўз-ўзини қоплайди. Халқ табобати ассоциациясига аъзолик ҳам маълум бадал эвазига бўлади. Бу ўртача ҳисобда БҲМнинг 10–12 баробари миқдорини ташкил этиши кўзда тутилган. Қолаверса, бадал йилда бир тўланади. Кейинги йили яна алоҳида рўйхатдан ўтилади.
— Юртимиздаги ҳамма табиб ассоциацияга аъзоми?
— Ўзига ишонган, халқ эътироф этган табиблар қонун бўйича ишлашни хоҳлайди ва рўйхатдан ўтиш истагида бизга мурожаат қилади. Сохталари эса қочади, яширинади. Баъзан ўзимиз ҳам номи чиққан, халқ танийдиган табибларни манзилига қидириб бориб рўйхатга оламиз.
Шунақа табиблар бор, кучли, аммо жуда узоқда, тоғ бўйларида яшайди. Улар ҳеч қачон бизни қидириб Тошкентга келмайди. Лекин эшиги олдида кунига 50 одам навбатда туради. Меъёрларимизга тўғри келадиган ана шундай табиблар ўзларининг хоҳишига кўра ассоциацияга аъзо қилинади.
Ўзбекистонда халқ табобати билан шуғулланувчиларнинг аниқ сонини айтиш қийин. Чунки уларнинг муайян қисми профессионал фаолият билан шуғулланмайди. Балки оиласи, яқинларини муолажа қилиш билан чекланади. Шу боисдан уларнинг аниқ статистикасини келтириш мушкул. Лекин прогнозларимизга кўра, 30 мингга яқин одам у ёки бу даражада халқ табобати билан шуғулланади.
— Табиблар ҳудудлар кесимида қаерда кўпроқ учрайди?
— Статистик хулосаларимизга кўра, Ўзбекистонда энг кўп табиблар водий, айниқса, Наманган вилоятига тўғри келади. Водий халқининг ўзи табобатга ихлосманд. Элининг қонида бор-да. Ҳар бир водийлик камида ўнтача хасталикка зарарсиз даволаш усулини айтиб бера олади. Умуман, табибларнинг сони ўсишидан эмас, қисқаришидан қўрқиш керак. Истардимки, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон ўз танасининг табиби бўлсин. Даволаш жиҳатдан эмас, бирор касалликнинг олдини олиш жиҳатдан.
— Табибларда илм олиш ва тажриба алмашиш жараёни қандай бўлади?
— Йилда бир неча маротаба табиблар билан мутахассисликлари бўйича тор доирадаги тренинг, семинарлар ташкиллаштирамиз. Бу уларинг илм ва тажрибасини ошириш йўлларидан бири. Таълим бериб, билганини қайта ўргатгандан кўра, фикр алмашиб малакасини ошириш самаралироқ.
Йиғилишларимиз қизғин муҳокамалар билан ўтади. Кўп йиллар давомида бирор касалликдан даво топмаган, чора излаб биздан табиб сўраган одамларнинг касаллик тарихларини уларга тақдим этиб, бирор ечим олишга ҳаракат қиламиз. Ҳамма ўз фикрини билдиради. Ана шундай вазиятда ўзига, даволай олишига кўзи етадиган табиб муолажа ўтказишни бўйнига олиши мумкин. Агар ўша беморлар дардидан фориғ бўлса, ҳаракатларимиз бесамар кетмаганини кўрсатади.
Аъзоларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга уринамиз. «Халқ табобати фидойиси», «Халқ табиби», «Моҳир табиб» деган кўкрак нишонларни таъсис қилганмиз.
— Замонавий тиббиёт ва табобат баҳсли мавзу. Кимдир мутлақ унисини, бошқаси тамоман бунисини ёқлайди. Ўртадаги мувозанат аслида қандай бўлиши керак?
— Табиб ва шифокорни таққослашнинг ўзи нотўғри. Касалликнинг тури, келиб чиқиш сабаблари ва бошқа омилларга кўра муқобил вариантни танлаш керак. Бири бошқасини тўлдиради. Масалан, сурункали касалликларни даволашда халқ табобати самарали бўлса, юқумли касалликларни даволашда замонавий тиббиётнинг имкониятлари катта. Табобатда касалликнинг илдизига эътибор қилиниб, келиб чиқиши, даволашга ҳаракат қилинади. Замонавий тиббиёт эса кўпинча симптомларни бартараф қилади.
Табобат ўзида уч хусусиятни жамлаган: арзон, самарали, хавфсиз. Арзонлиги унинг берадиган давоси оддий озиқ-овқат маҳсулотларида бўлса, самаралилиги зиён қилмаслиги, хавфсизлиги эса унинг даволарини уй шароитида ҳам тайёрлаб, истеъмол қилиш мумкинлигида. Бирор гиёҳнинг қайнатилганини челаклаб ичсангиз ҳам дорилардан фарқли равишда сизга зарари тегмайди.
Тан олиб айтиш керак, бугунги кунда замонавий шифокор ва табиб ўртасида носоғлом рақобат мавжуд. Шифокор: «Ўн йил ўқиб даволаш ҳуқуқига эга бўлсаму ҳеч қаерда ўқимаган чаласавод мен билан бир хил ҳуқуққа эга бўлса-я!», – дейди.
Табиб: «Мен табиий маҳсулотлар билан кимнингдир меъдасини даволаган пайтим, шифокор ошқозонни тузатаман деб, жигарни бузиб қўяди-ку», – дейди.
Агар барча даражадаги шифохоналарда ҳам табиб, ҳам шифокорнинг ишлаши таъминланганида муаммолар ўз ечимини топган бўлар эди. Шифокор табобатда бирор касалликка давонинг осон усули борлигини сезса, табибга жўнатиши ёки акси бўлганда табибнинг бирор беморни шифокорга йўналтиришига имкон бўларди.
Тиббиёт олийгоҳларида халқ табобати йўналишининг очилиши яхши, албатта. Аммо, белгиланган ўқув дастурларида халқ табобати назарияси ва амалиёти билан қамраб олиниш даражаси кенг эмас.
Мен билан мулоқотда бўлган талабаларнинг айтишича, уларга ўтилаётган фанлар ва мутахассислар уларни қаноатлантирмаяпти. Ҳали бу борада муаммолар етарли.
Қолаверса, ушбу йўналишда дарс берадиган ўқитувчиларнинг ҳам табобат илмидан хабари бўлиши керак-да. Аммо таълим тизимидаги айрим талаблар бунга имкон бермайди. Масалан, қайсидир илмий даражага эга одамнинг дарс бериши ҳақидаги меъёр. Натижада табобатдан йироқ бўлган мутахассислар дарс ўтишига тўғри келмоқда. Малҳамларнинг тайёрланиши, асаларию, чаёндан заҳар олинишини ўз кўзи билан кўриб, амалда синамаган талаба, эртага бирор жойда ишлаганда халқ табобатининг кучига қандай ишонади?
Умуман олганда ҳақиқат бир: шифокор ҳам, табиб ҳам Яратганнинг берадиган давосига сабабчи. Муаммо эса уларнинг ўша ҳақиқатга олиб борувчи йўлни турли ва айро деб билишларида. Йўллар бирлашганда мақсадга эришиш осонроқ бўлади.
Изоҳ (0)