Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг айрим ҳудудларида 19 декабрь куни кучли шамол ва чангли бўрон кузатилди. Ижтимоий тармоқларда ҳолат акс этган видеолар тарқалди.
Видеода айтилишича, Самарқанд шаҳрига ўрнатилган байрам арчаси кучли шамол оқибатида букилиб қолган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси шамол ва чанг кўтарилиш ҳолатини тасдиқлади.
Қайд этилишича, ҳозирда Қашқадарё вилоятида чангли бўрон тўхтаган. Ҳудудда ёмғирли об-ҳаво кузатилмоқда.
ЙҲХББ ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёткор бўлиб, тезлик меъёрига амал қилган ҳолда, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга 4 ноябрь куни Урал томондан совуқ ҳаво оқими, у билан бирга кучли шамол кириб келиши оқибатида (шамол тезлиги Тошкентда сониясига 15 метргача, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларида эса 25 метргача кучайган) мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида чанг-қум бўронлари кузатилди. «Ўзгидромет» маълумотларига кўра, шу куни соат 21:00—23:00 оралиғида Тошкент ҳавосидаги чанг рухсат этилган миқдордан 30 баробаргача ошиб кетди ва ҳавосининг ифлосланиши даражаси бўйича Ўзбекистон пойтахти дунёда биринчи ўринга чиқди. Чанг 8 ноябрга келибгина чекинди, унгача пойтахт аҳолиси салкам тўрт кутилмаган ноқулайлик гирдобида қолди (масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 5 ноябрдан 6 ноябрь соат 06:00 га қадар тез ёрдамга бўлган 4110 та чақириқдан 709 тасида фуқаролар нафас олиш билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилган).
Изоҳ (0)