Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг 44-сессиясида вилоят ҳокими Ботир Зарипов аҳоли бандлиги таъминлаш борасида қилинаётган ишлар хусусида тўхталиб: «Келгуси 2022 йилда 152 минг аҳолини иш билан таъминлаймиз. Фақат, одамлар ҳам боқимандалик кайфиятидан қутилиши керак», – деди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Таъкидланишича, хатловлар натижасида аниқланган рақамларга кўра, жон бошига даромад миқдори 440 минг сўмдан паст бўлган 61 мингта кам таъминланган оилалар ҳамда жон бошига даромад миқдори 440 минг сўмдан юқори 880 минг сўмдан паст бўлган оилалар бор. Кам таъминланганлик рўйхатига тушиш эҳтимоли юқори бўлган 26 минг оила билан манзилли ишлар олиб борилган. Йил якуни билан 6,6 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ва 1229 та лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 12 951 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
«Келгуси йилда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, камбағаллик даражасини қисқартириш энг асосий мақсадларимиздан бири сифатида белгилаб олинган. Шундан келиб чиқиб, 2022 йилда вилоятда ишсизлик даражасини қисқартириш мақсадида 152 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилишини режалаштирганмиз. Биз 2 миллионлик аҳолимиз учун бор имконият ва ишлаш шароитларини яратишга ҳаракат қиламиз. Ўз томорқасида иссиқхоначалик, паррандачилик, боғдорчилик, пиллачилик ҳамда балиқчилик ва умуман хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда ҳисса қўшаман, деган кишини қўллаб-қувватлаймиз.
Бироқ одамларимиз ҳам боқимандалик кайфиятидан қутилиши керак. Кўпчилигининг 20 сотихлаб ер майдони бор, аммо ҳеч иш қилинмаган. На бир кўчат ва на бир ток экилган. Ажриқ, бегона ўт ва тиканлар босиб кетган бўм-бўш ерларни кўриб, ачиниб кетасан, киши», – деди вилоят раҳбари.
Ботир Зариповнинг сўзига кўра, келгуси йилдан ҳосилдорлиги паст бўлган пахта, ғалла ва бошқа экин майдонлари қисқартирилиб, аҳолига танлов асосида 6 минг гектар экин ер майдонлари ижарага берилиши кўзланган. Айни пайтда белгиланган ер майдонларини захирага олиш, лотларга ажратиш ва танловга чиқариш бўйича ишчи гуруҳ томонидан ишлар олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
- «Ғиждувондан ҳали дунё танийдиган ёшлар етишиб чиқади, бунга ишонаман» — туман ҳокими Шерзод Ашуров
- «Хароба уйлар ўрнида кўп қаватли турар жойлар қуриш учун президентдан пул сўрайман» — Когон шаҳри ҳокими
- Ўзбекистонда 2022 йилда 158 та туманда хизматларни ривожлантириш учун 1 триллион сўм ажратилади
Изоҳ (0)