Тошкентдаги йирик савдо-сотиқ маркази — «Чорсу» бозори турли даврларда турфа номлар билан аталган. «Чорсу», «Жўба», «Регистон», «Эски Жува», «Болшой базар» (катта бозор) кабилар ёзма манбаларда кўп тилга олинган. Шаҳарнинг геометрик марказида, пойтахтнинг тўрт даҳаси туташган қисмида жойлашган бозор бугун ҳам асосий олди-сотди нуқтаси саналади.
Савдо расталари, маҳсулот турига қараб ажратилган мўъжаз бозорчалар қаторида миллий таомлар ошхонаси, чойхона, ҳатто алоҳида овқат бозори ҳам мавжуд бўлганини XIX-ХХ асрларга оид рус манбалари ҳам тасдиқлайди. «Дарё» мухбири пойтахтликлар орасида «Овқат бозори» сифатида машҳур ушбу жойдан махсус фоторепортаж тайёрлади.
«Чорсу» бозорида Ўзбекистоннинг бутун тарихи жамланган, десак муболаға эмас. Сопол буюмлар, миллий либослар, ширинлик, хилма-хил нонлар, зиравор, мева-ю сабзавотлар, қўл меҳнати билан ясалган ҳайкаллар, китоблар, совғалар, сувенирлар, миллий матолардан тикилган рўмол-у дурралар, маҳси-ковуш, калиш, дўппи, чопон ва бошқа юздан ортиқ буюмни топиш мумкин.
Бироқ ушбу ноз-неъматлар қаторида улкан кўк гумбазнинг шундоқ ўнг тарафидаги «Овқат бозори»га кирмаслик, ўзбек миллий таомлари мазасини тотмаслик ноўрин.
Турли-туман таомлар меҳр қўшиб пиширилган бозорга яқинлашаркансиз, димоғингизга энг аввал кабоб иси урилади. Икки қатор кетган расталарда палов, сомса, норин, қази-қарта, гумма, ҳасип, қовурилган балиқ, хоним, манти, қўзичоқ қовурға, нўхатшўрак ва бошқа овқатлар пиширилади.
Расталар катта бўлмаган ҳудудни эгаллайди. Ҳар бир сотувчи хўрандалар учун раста ортида жой ҳозирлаб қўйган. Икки савдогар ораси шу қадар зички, бор-йўғи бир қадам чиқади, холос. Мабодо, билмай бошқанинг «ошхонаси»га ўтиб кетсангиз, жойингиз тезда кўрсатиб қўйилади.
Сотувчилар озгина-ю созгина қоидаси билан ишлайди. Ҳар ким доимий мижози ва харидорларнинг тахминий сонидан келиб чиқиб таом пиширади. Аксари овқати тугаса, баъзилари соат 20:00 да бозор ёпилгач, ишини тўхтатади.
Айрим ошпазлар таомни уйида тайёрлаб келса, бошқалари шу ернинг ўзида пишириб сотади. Уйида тайёрлайдиганлар тунги соат 02:00 дан иш бошлаб, барвақт бозор оралайдиган харидор учун ҳаммасини олдиндан тахт қилиб қўяди. Нархлар турлича: 5-70 минг сўм оралиғида. Килолаб сотиладиган таомлар эса бундан қимматроқ.
Маъмура Эргашева, 50 йиллик тажрибага эга ошпаз
«Эски шаҳарнинг камида 100 йиллик тарихи бор. Одамлари бошқача. Бу жойлар аввал ‘Паст бозор’ дейилган. Қариялар бозорни шу ном билан билишади. Ўзим ҳам шу ерликман. 6 ёшимдан бери онамга эргашиб бозорга келардим. Овқатларимизнинг бошқа ошхоналарникидан бутунлай фарқи бор. Сотувчиларнинг ҳаммаси ўзимизники. Уларнинг ота-онаси, бобо-бувиси савдогар ўтиб, касбимиз авлоддан авлодга ўтаверган. Тошкентнинг овқат маркази қаер, дейишса, ҳа, шу ер-да! Ҳунарининг ҳақиқий усталари жамланган, деб айтаман».
Маъмура Эргашева навбатдаги харидорга палов билан нўхатшўрак сузиб бераркан, суҳбатни давом эттириб, ишидан ҳеч қачон зерикмаслиги, аксинча, қилаётган юмуши ўзига жуда ёқишини бот-бот такрорлади. Онахоннинг тўрт фарзанди орасидан бир ўғли бугун касбини давом эттираётган экан.
«Меҳнатимиз мураккаб, харидорлар билан ишлаш осон эмас, аммо мароқли. Асосан, кузда бозоримиз чаққон, сабаби об-ҳаво сал танни жунжиктирадиган пайтда одамнинг иссиқ овқатга талаби ошади. Харидорларимиз кўпроқ палов, кабоб ва хонимни севиб истеъмол қилади», — дейди тажрибали ошпаз.
Яқинлашиб келаётган совуқ мавсум – қишда улар қандай ишлаши ҳақидаги саволга Маъмура опа «Йўқ, қийналмаймиз, энди бу ернинг томини беркитиб бўлмайди, чунки кабоб ва бошқа таомларнинг тутуни, иси чиқади. Аммо совуқ ва иссиқ сув, канализация масалаларида умуман муаммо йўқ», — деди.
Маъмура опа билан хайрлашиб, расталарни кўздан кечиришни давом эттирар эканман, ушбу масканнинг яна бир тажрибали ходими, ҳасипчилар сулоласи вакиласи Зуҳра Сиддиқова билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдим.
Зуҳра Сиддиқова, 25 йиллик тажрибага эга ҳасипчи ошпаз
«Бу бозорни бувимлар Мукаррам Йўлдошева нон сотишидан бошланган, деб айтиб берар эдилар. Ўша вақтда сотувчилар секин-секин овқатларни ҳам сотувга чиқара бошлашган. Масалан, бувим ҳасип қилиб, кўмир солинган челак устига тоғорача қўйиб сотган эканлар. Ўзим 25 йилча бўлди шу ердан ризқ топаётганимга.
7 ёшимдан бери онамга ёрдамчи бўлиб, бозорнинг паст-баландини ўргандим. Икки қиз, бир ўғил ўстиряпмиз. Касбимни насиб қилса, ўғлим давом эттирмоқчи. Ҳар ишда бўлганидек, бизнинг ишдаям осон эмас. Ярим кечаси туриб овқатга уннаймиз, кейин саҳармардонлаб бозорга келиб, харидор кутамиз.
Бир ейишлиги 20 минг сўм, килоси 50 минг сўм. Дам олиш кунлари талаб катта бўлади. Лекин мавсумидан қатъий назар, қишин-ёзин савдоси пасаймайди. Карантин пайти эл қатори пишириб сотавердик. Ўшанда одамлар иммунитетни кўтаради, деб мана шу ёғлиққина ҳасиплардан кўп-кўп олишди».
Яшнар Каримов, 16 йиллик тажрибага эга кабобпаз
«Бу бозорда энг аввал сомса сотилган, деб эшитганман. Кейинчалик бошқа миллий таомларимиз сафга қўшилган экан. 2004 йили бозор қайтадан қурилиб, мана шу қиёфага кирди. Эрталаб соат 08:00 дан кабоб пиширишни бошлайман. Нархи 12 минг сўмдан бошланадиган 3-4 хил кабоб баҳор ва куз фаслларида, ҳафтанинг шанба ва якшанбасида кўп сотилади.
Таомларимиз мазасини хўрандаларимиз шаҳарнинг бошқа емакхонасида тополмадик, деб мақташади. Бунинг сабаби, менимча, рақобатда. Ҳар бир сотувчи мижозим бошқага ўтиб кетмасин деб овқатини мукаммал тайёрлашга ҳаракат қилади.
Сайёҳларга ҳам жуда ёққан овқатларимиз. Яқинда дунё кезиб юрадиган бир акамиз аэропортдан тўғри шу ерга келиб, 6 та кабоб еди-да, ‘Дунёнинг шунча давлатида еган бўлсам ҳам, бу кабобнинг мазасини бошқа ердан тополмадим’, деди. Уч қизим бор. Тўнғичимнинг касби меникига яқинроқ — қандолатпаз».
Ҳуррият опа, хўранда
«Ҳар сафар дугоналарим, фарзанд ёки невараларим билан ‘Чорсу’га бозорликка келсак, албатта, овқат бозорига кирамиз. Овқатларининг мазасига гап йўқ, бошқа жойлардаги ошхоналар катта фарқ қилади. Нархиям чўнтакбоп. Ўзи доимий норинчимиз бор эди, шу кишидан олиб ердик, бугун негадир кўринмадилар.
Нуржаҳон Фармонов, хўранда
« ‘Чорсу’ овқат бозорига, адашмасам, бешинчи марта келишим. Овқатларининг мазаси шаҳардаги бошқа емакхоналарникидан кескин фарқ қилади, деб айтолмайман. Кези келса, таъм борасида бирор ўзгачалик сезмадим. Ягона жиҳат — бу ерда миллийлик, колорит, экзотика бор. Одам баъзан фильмларда кўрганимиз – лаби учган пиёла, эски стол-стул, униққан дастурхонларда овқатланишни ҳам қўмсар экан. Нархлари таомларнинг сифатига нисбатан баланд, деган фикрдаман. Албатта, бу ер асосан сайёҳлар учун норасмий овқат маркази. Балки нархлар ҳам шунга мувофиқдир».
Мирзаёр Эркинов, хўранда
«Бу бозорни 6-7 йилдан бери биламан, жуда кўп келганман. Масалан, кеча Қозоғистондан келган дўстим билан шу ерга келдик. Меҳмондўстликнинг ёзилмаган қоидаларига мувофиқ, ўзим пул тўладим. Бир порция норин, бир порция ҳасип шўрваси, 2 та жигар, 2 та жаз кабоб, 1 та нон ва 1 чойнак қора лимон чой олдик. Назаримда, 100 минг сўм атрофида тўласам керак, дегандим, хизмат кўрсатувчи аёл 185 минг сўмлик ҳисоб чиқариб берди.
Аммо мана бугун сайёҳ ҳамроҳимсиз, дўстим билан келиб, 2 кишилик еган овқатимиз 125 минг сўмга ҳам бормади. Кейин худди кечаги овқатлар кетма-кетлигини ҳисоблатган эдим, тахминан, 88-100 минг сўм атрофида чиқди. Демак, сайёҳларга нисбатан айрим сотувчиларда нархни баландроқ қилиб кўрсатишаркан-да!
Бу жойнинг ижобий томонларини ҳам айтмасам бўлмас. Бозор архитектураси ўтган асрнинг 80 –90 йилларини эслатади. Қандайдир миллий, соф ўзбекона муҳит бор.
Таомларидан ҳали кўпини емаганим учун ҳозирча норин, хоним, мантини тавсия қила оламан.
Ушбу маскан ҳақида ҳар кимнинг фикри турфа. Кимгадир овқати, кимгадир муҳити маъқул келади. Аммо «Чорсу» бозоридаги бу нуқта — ўзбек таомларининг том маънодаги очиқ ярмаркасидир.
Изоҳ (0)