Тошкент шаҳар Сергели туманида 47-йўналишда қатнайдиган автобусда ёнғин чиқди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 14 декабрь куни соат 15:21 да Тошкент шаҳар Сергели тумани «Дўстлик-1» даҳасида 47-йўналиш бўйича ҳаракатланаётган Mercedes русумли автобусда ёнғин содир бўлгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 15:25 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 15:34 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида автобуснинг орқа салон қисми ёниб, зарарланган.
Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда мутахассислар томонидан ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ Фарғона ва Бухорода автобуслар, шунингдек, Тошкентда 8, 47 ва 116-сонли йўналишда ҳаракатланувчи автобуслар ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)