Қатардаги Жаҳон Чемпионати бошланишига бир йилдан кам вақт қолди. Аксарият минтақаларда бир қанча жамоалар мундиал йўлланмасини қўлга киритиб ҳам бўлди. Қолган жамоалар тўрт йилликнинг асосий мусобақаси йўлланмаси учун курашаётган бир вақтда Қатар турли мамлакатлардан меҳмонларни қабул қилишга тайёргарликнинг якуний босқичига кирмоқда.
«Чемпионат» нашри Қатарга бориб, келаси куз-қишда мухлисларни нималар кутаётганини ўрганиб чиқди.
Қатар якуний овоз бериш жараёнида 2010 йилда АҚШ, Жанубий Корея, Япония ва Австралия вариантларини ортда қолдириб, ЖЧга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган;
Мусобақанинг ўтказилиш санаси: 2022 йилнинг 21 ноябрдан 18 декабригача;
Иштирокчилар сони: 32;
Ўйинлар 5 та шаҳарда 8 та стадионда ўтказилади. Булар: «Лусаил», «Халифа» халқаро стадиони, «Ал-Байт», «Ар-Райян», «Ал-Жануб», «Ат-Тумама», «974», «Эдюкейшн Сити»;
Кунига 4 тадан ўйин ўтказилади. Объектлар орасидаги энг узун масофа — 75 км.
Қатар — Форс кўрфазининг сувлари билан ювиладиган, жанубда Саудия Арабистони билан чегарадош бўлган кичик ярим орол. Мамлакат уч нарсаси билан машҳур: табиий газ конлари, катта нефть захиралари ва буларнинг барчаси топилгунга қадар бу ерда «марварид қидириб яшаган кўчманчилар».
Тарихга чуқур шўнғимаган ҳолда, Қатарнинг 1971 йилдан буён тўлиқ мустақил давлат сифатида мавжудлигини айтиш мумкин. Бунгача улар араб халифалиги таркибида (VII асрдан XIII асргача), кейинчалик (XIV асргача) Баҳрайн амирлари ҳукмронлиги остида бўлади; XVI аср бошларида эса бу ерга португаллар, кейин Усмонлилар империяси келади. 1916 йилдан 1971 йилгача Қатар Британия протекторати остида бўлган, шундан кейин мамлакат мустақилликка эришади. Шу билан бирга, Қатар давлатчилигининг бошланиши 1878 йил 18 декабрига тўғри келади — ўша пайтда Усмонлилар империяси ҳукмронлиги остида Шайх Жассим бин Муҳаммад ат-Тани Қатар қироллигини тузишга эришади.
Табиий газ ва нефть топилгунга қадар мамлакат Форс кўрфази давлатларининг энг қашшоқларидан бири эди. У ерда кўчманчилар лагерлари бўлган чексиз чўл бўлиб, давлат хазинасига даромад асосан марварид қазиб олишдан томаётган эди. Маҳаллий аҳоли, марварид қазишдан ташқари, лочин боқиш ва ёғоч қайиқлар ясаш билан шуғулланган. 1971 йилга келиб, ҳудудда табиий ресурслар топилди ва мамлакат устидан чексиз «пул ёмғири» ёғишни бошлади, Қатар бу орқали атиги 50 йил ичида (тарихан олиб қаралса, кичик муддат ҳисобланади) қум ўрнида осмонўпар бинолар қуришга, энг қашшоқ минтақадан энг бой ҳудудга айланишга ва ЯИМ рейтингида юқори ўринларга сакрашга муваффақ бўлди.
Давлат (бу ерда мутлақ монархия ҳукм суради ва ҳар қандай сиёсий партиялар тузиш тақиқланган) дастлаб унга тушган пул миқдоридан бироз шошиб қолди ва маблағлар мантиқсиз равишда сарфланди, ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги рейтингида Қатарнинг паст ўринлардан жой олгани ҳам шундан далолат беради. Аммо мамлакат нефтга қарам бўлиб қолмаслик учун 2030 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиққан. 2022 йилда мамлакатда Жаҳон Чемпионатининг ўтказилиши ҳам 2008 йилда ишлаб чиқилган дастурнинг бир қисмидир.
Қатар ҳамон қурилиш босқичида ва бу жараён яқин йилларда тўхташи даргумон. Мамлакат пойтахти Доҳада ҳар бир қадамда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Доҳа авваллари машиналар учун кўпроқ мослашган бўлса, ҳозир шаҳарда пиёдалар ва велосипед йўлаклари кўпайиб бормоқда. Аммо пиёдалар йўлакларида унчалик кўп одам юргани кузатилмайди. Айниқса, кундузи, жазирама вақтида одамларни кўчада учратиш жуда қийин масала.
Қатарда 2,9 миллиондан камроқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 80—85 фоизини экспатриантлар (келиб чиқиши бошқа мамлакатдан бўлган шахслар) ташкил қилади. Булар асосан, Ҳиндистон, Покистон ва Эрондан келган муҳожирлар бўлиб, улар қурилиш майдончаларида ва такси ҳайдовчиси сифатида фаолият юритади. Хизмат кўрсатиш соҳасида осиёликлар анчагина, йирик компанияларни эса европаликлар «эгаллаган». Жаҳон Чемпионатига тайёргарликни тўлиқ назорат қилувчи Қатар олий қўмитаси таркибига кўплаб хорижликлар киритилган.
Қизиғи шундаки, 2030 йилгача мўлжалланган дастурдан «қатарлаштириш» сиёсати ҳам ўрин олган. Унда хусусий ва давлат секторидаги лавозимларида Қатар фуқароларининг улушини ошириш кўзда тутилган, кўп сонли чет элликлар эса мамлакат иқтисодий ривожланишига жиддий тўсиқ сифатида қаралмоқда. Шу билан бирга, «агар хорижликлар кетса, Қатар бўйлаб қурилаётган кўп сонли уйларда ким яшайди?» деган саволга маҳаллий аҳоли жилмайибгина шундай жавоб беради: «Майли, барибир кимдир келади!».
Кўчаларда одамларнинг камлиги ва кечки пайт кўплаб уйларда ёруғликнинг йўқлиги биргаликда қандайдир сунъийлик таассуротини яратади. Баъзида ҳамма нарса жуда чиройли, лекин айни пайтда ғайритабиий бўлиб ҳам туюлади.
Масалан, Венецияни эслатиб юборадиган замонавий массивлардан бири. Бу ердан чет элликлар кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Ёки шаҳарнинг «тарихий» ҳудудидан.
Иккинчи пункт. Қатар бундан фойда кўради
Мамлакатнинг асосий шиори қуйидагича: Qatar deserves the best (Қатар энг яхшисига лойиқ). Бу чексиз қурилиш лойиҳаларига ҳам, маҳаллий аҳолининг фаровонлигини мунтазам яхшилаб бориш ҳаракатларига ҳам тааллуқлидир — бир тарафда шаҳардан анча узоқда жойлашган кўрфаз бўлиб, иккинчи томон чўл бўлса, бошқа нима ҳам қилиш мумкин? Қатарда доимий равишда турли хил санъат (мамлакатда санъатнинг этник турларидан тортиб то замонавийларигача алоҳида муҳаббат мавжуд) ва спорт мусобақалари ўтказилиб келади. Мамлакат айниқса, ҳозир иккинчисига фаол сармоя киритмоқда, шунинг учун Доҳа теннис кортлари, футбол майдонлари, сузиш ҳавзалари, спорт заллари ва стадионлар билан тўла. Қатар аллақачон футбол бўйича клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, теннис бўйича АTP турнири, гандбол, енгил атлетика ва оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионати, Формула-1 Гран-приси ва ҳаттоки Туркия шашкасининг жаҳон биринчилигига мезбонлик қилишга улгурди.
Хўш, буларнинг барчаси нега керак? Аввало, мамлакатни жаҳон миқёсида танитиш, нуфузини мустаҳкамлаш, нафақат инфратузилма, балки спортни ҳам янада ривожлантириш учун.
Қатарда Aspire академияси мавжуд бўлиб, у ерда 2004 йилдан буён спортчилар, жумладан, футболчилар етишиб чиқарилади. Бутун дунёдан селексионер, мураббий, физиотерапевт ва руҳшунослар жамоаси қатарлик болаларни танлаб, улар билан ишлайди. 2019 йилда академия ўзининг биринчи йирик натижасини берди: ўша йили 10 нафар битирувчи Осиё чемпиони бўлди. Токио Олимпиадасида эса Мутаз Баршим баландликка сакраш бўйича олтин медални қўлга киритди — у ҳам мазкур академия тарбияланувчиси ҳисобланади.
Учинчи пункт. Кўнгилхушлик
Қатарда шуғулланиш мумкин бўлган ишлар унчалик ҳам кўп эмас, лекин у ерда зерикишдан ҳеч ким ўлиб қолмайди ва бу кишини хурсанд қилади. Биринчидан, у ерда қизиқарли музейлар мавжуд (лекин бу ҳамма учун ҳам мўлжалланган эмас), у ерда Ислом санъати ва Қатар тарихи билан танишиш мумкин.
Иккинчидан, тарихий тусдаги Souq Waqif бозорини учраца бўлади, у ерда савдо дўконлари билан қопланган тор кўчаларда сайр қилиш ёки араб қаҳвасини ичиш мумкин.
Учинчидан, чўл сафарига бориш мумкин. Бу жуда завқли машғулот бўлиб, қум устида машина бошқаришдан ўзгача бир завқ олиш олиш мумкин. Буларнинг барчаси ҳеч қаерга кетиб қолмайдиган улкан қуёш фонида рўй беради.
Тўртинчидан, сиз бу каби «қадимий» қайиқларга минишингиз мумкин.
Буларнинг барчасини миллий таомлар кафесида кечки овқат билан якунлаш мумкин.
Тўртинчи пункт. Стадионлар
Қатардаги стадионлар ўзгача чирой ва салқинликка эга, уларнинг ҳар бирининг ўз тарихи, Жаҳон Чемпионатидан кейинги келажак учун узоқ вақт олдин тайёрланган режаси ва томошабинлар учун кафолатланган қулайлиги бор. Мухлислар жазирамадан азият чекмаслиги учун саккизта стадионнинг еттитасига совитиш тизими ўрнатилган — ташқарида қуёш чарақлаётган бўлса ҳам, ичкарида ҳамма учун қулай бўлган +21 даража ўрнатилади.
«Жаҳон Чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганимиздан сўнг, биз стадионлар учун совитиш тизимини ишлаб чиқишни бошладик. Ҳар бир ўйиннинг энг муҳим учта компоненти: томошабинлар, футболчилар ва майдон учун қулай шароит яратишимиз керак эди. Ишлаб чиқиш жараёнида биз термал индексдан фойдаландик — ҳаво ҳарорати ва намлик нисбати, бу иссиқ ҳавода одамнинг ҳисларини баҳолаш имконини беради. Стадион ташқарисида ушбу кўрсаткичларни, шунингдек, қуёш радиацияси даражасини ўлчайдиган мониторинг (назорат) тизими ўрнатилган», — деганди инновацион технологияни яратган муҳандис-механик Сауд Абдулғани журналистларга.
Ҳар бир ўриндиқ остида совитилган ҳаво оқиб чиқадиган шамоллатиш тешикчалари жойлашган, аммо бу томошабинларнинг оёқларига ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди: ўриндиққа ўтирилса, «кўринмас совуқ булути» оёқни ўраб олгандек ҳис уйғонади. Шунчаки ажойиб ҳис.
Тизимни ишлаб чиқиш жуда кўп вақтни олган, фақатгина компьютер моделини яратиш учун, тахминан, бир йил сарфланди: муҳандислар уни қандай созлашни аниқлаш учун турли хил об-ҳаво шароитларини дақиқасигача аниқлик билан кўриб чиқди. Шундан сўнг улкан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиб, унинг давомида турли турли хил жинс, ёш ва миллат вакиллари иссиқлик ҳамда совуққа қандай муносабатда бўлиши ўрганилди. Маълумотлар Россиядаги Жаҳон Чемпионати вақтида тўпланган — улар турли мамлакатлардан келган мухлислардан ўйинларни томоша қилиш учун қайси об-ҳаво энг қулай деб ҳисоблашини сўраган. Шундан сўнг, тўпланган жавоблар йиғиндисини қайта ишлаш бошланди, бунинг натижасида совуқ ҳудудлардан келган одамлар илиқликни, иссиқ мамлакатлардан ташриф буюрганлар эса, аксинча, совуқни афзал кўриши аниқланди. Бу вазиятда барча учун қулай «олтин ўрталик»ни излаш керак эди. Шу тариқа +21-22 даража белгиланди.
«Кўпчилик давлатлар ўз стадионларини дизайн ғояси сифатида тақдим этарди. Биз технологияга эътибор қаратдик», — дейди Сауд Абдулғани табассум билан.
Бундай «комфорт» стадионлар қурилиши умумий бюджетнинг 15—20 фоизини ташкил қилади, аммо Қатар совитиш тизимисиз ареналар қуришни ўйлаб ҳам кўрмаган, боиси мамлакатнинг Жаҳон чемпионати мероси бўйича режалари йил давомида объектлардан фойдаланишни назарда тутади, ёзда эса бу ерда ҳаво ҳарорати +50 даражани ташкил қилади.
Режалар эса улкан — стадионларнинг аксарияти ижтимоий ва жамоат эҳтиёжлари учун қайта қурилади, юк ташиш контейнерлари ва 30 минг тонна пўлатдан қурилган «974» аренаси эса тўлиқ демонтаж қилинади ва қисмлари хайрия ишларига сарфланади.
Бешинчи банд. Барчани қизиқтираётган саволлар
Қатарда шортиларда юриш мумкинми? Ҳа. Бунинг учун ҳеч қандай тақиқ йўқ. Лекин аёллар кийим танлашда эҳтиёткорроқ бўлиши керак: калта бўлмагани яхшироқ.
Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш мумкинми? Бўлади, лекин кўплаб чекловлар билан: фақат фан-зоналар ва меҳмонхона барларида.
Қаерда яшаш мумкин? Ташкилий қўмита мухлислар учун бюджет вариантлари мавжуд бўлишини ваъда қилмоқда: сув бўйи ва чўл ҳудудидаги меҳмонхоналарда, шунингдек, АирБнб хизмати орқали ижарага олиш.
FAN ID бўладими? Ҳа. Қатар ўзига хос City Pass ташкил қилишни режа қилмоқда, бу орқали мухлислар нафақат стадионлар ва транспортдан бепул фойдаланади, балки кафе ва музейларда ҳам чегирмаларга эга бўлади.
Эмланиш керакми? Ҳа.
Чипталар қачон сотила бошлайди? Чипта дастури январь ойида бошланиши керак, бироқ ҳозирданоқ ФИФА Hospitality пакетларини харид қилиш мумкин. Битта ўйин учун энг арзон чипта 950 долларни ташкил қилади, энг қиммати эса 4950 доллар.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)