Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биносининг қурилишини бекор қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг аввалги ҳокими Даврон Ҳидоятов 2021 йилнинг 3 ноябрида юқоридаги бинолар қурилиши ҳақида фармойишга имзо чеккан. Зоир Мирзаев фармойишни бекор қилувчи ҳужжатни тасдиқлади.
Қайд этилишича, бекор қилинган лойиҳалар учун ажратилган 34 миллиард 400 миллион сўм маблағ вилоят маҳаллий бюджетига тикланади. Ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказиб бериш мақсадида 1 миллиард 650 минг сўм ажратилади.
Ноябрь ойида аввалида Нурафшонда Зулфия Зокирова ҳайкалини қуриш учун 28,4 млрд сўм, шунингдек, кутубхона биносининг қурилиши учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилгани хабар қилинганди. Қарор аҳоли ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлган. Таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам Facebook’даги саҳифаси орқали ҳайкал мажмуасини қуриш тўғрисида тарқалган хабарлар юзасидан фикр билдириб, «Биз топган ёки қарз олган пулимизни ҳашам-у тўйга, ҳайкал-у бетон биноларга сарфлаб, келажак деган дарахтнинг илдизига болта уряпмиз», деганди.
Маълумот учун, Зулфия Зокирова Иккинчи Жаҳон урушида бешта ўғлини йўқотган она ҳисобланади. Зулфия Зокирова тақдири акс этган «Илҳақ» фильми суратга олинган. Тошкентдаги ғалаба боғида илк ҳайкали ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Зоир Мирзаев 18 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланганди. Тайинловгача у Қашқадарё вилояти раҳбари сифатида ишлаган ва Қарши шаҳрида 1 миллиард 350 миллион сўмга қуриб битказилиши мўлжал қилинган байроқ устуни қурилиши лойиҳасини бекор қилиб, байроқ учун мўлжалланган маблағни хароба ётоқхонага сарфлашини маълум қилганди.