Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган «Хавфсиз пойтахт» концепцияси асосида махсус рейд тадбирларида қурол сақлаш билан боғлиқ бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди, деб хабар қилмоқда шаҳар ички ишлар бош бошқармаси.
Маълум қилинишича, махсус рейд тадбирида ҳужжатларини текшириш мақсадида Lexus автомобили тўхтатилган. Ўрганиш вақтида машина юкхонасида ов милтиғи борлиги аниқланган.
Қайд этилишича, ҳайдовчи «Қурол тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддаси (фуқаровий ва хизмат қуролларини ва унинг ўқдориларини олиб юриш) ва 21-моддаси (фуқаровий ва хизмат қуролларини, унинг ўқдориларини сақлаш)да назарда тутилган талабларни бузган. Қурол фойдаланиш учун тайёр ҳолда йиғилган бўлиб, ҳатто ўқлаб ҳам қўйилгани маълум бўлган.
Бундан ташқари, Юнусобод туманида олиб борилган текширувда тўхтатилган автомобиль салонидан ўқотар қурол топилган.
«Ҳолатлар ўрганилиб, қурол қонуний ёки ноқонуний олиб юрилганига аниқлик киритилиб, тегишли чора кўрилади», — дейилади хабарда.