Ўзбекистон Олий Кенгашининг (миллий парламентнинг Олий Мажлисдан аввалги номи) 1992 йил 8—10 декабрь кунлари бўлиб ўтган 11-сессиясида бир қатор тарихий қарорлар қабул қилинган. Биринчиси, табиийки, 8 декабрь куни Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилинишидир. Сессиянинг учинчи иш кунида эса Давлат мадҳиясига доир масала кўриб чиқилган. «Дарё» ушбу мавзуда санъат арбоби, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, 1992 йилги мадҳия танлови иштирокчиси Рустам Абдуллаев билан суҳбатлашди, шунингдек, очиқ манбалардаги маълумотларни жамлади.
Танлов
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Иззатулла Норқувватовнинг ёдга олишича, Ўзбекистоннинг янги мадҳиясини ишлаб чиқишга 1990 йил мартидан киришилган. «Бу ҳаракат ҳали СССР деган қудратли, ‘қиличидан қон томган’ давлат барқарор бўлиб турган пайтда жуда катта жасорат эди», — деб ёзади журналист.1990 йилнинг декабрида Маданият, фан, халқ таълими ва маданий меросни асраш қўмитаси томонидан Давлат мадҳияси матни ва мусиқаси бўйича танлов эълон қилинган. Низомга кўра, танловда иштирок этувчи ижодкорлар яширин имзо — тахаллус билан қатнашиши шарт қилиб қўйилган эди.
Қўмитанинг 1991 йил 5 апрель куни таниқли адиб Пиримқул Қодиров раислигида ўтказилган йиғилишида Ўзбекистон Давлат мадҳияси учун тақдим этилган шеърларни саралаш масаласи кўрилган. Йиғилишда 90 га яқин тахаллуслар билан қатнашган шоирларнинг 12 та шеъри кейинги босқич учун танлаб олинган.
Орадан икки ой ўтгач, давлат мадҳияси мусиқаси учун тақдим этилган асарлар танлови ҳам ўтказилган. Танловда 30 га яқин мусиқий асарлардан бирортаси ҳам комиссия аъзоларига тўла маънода маъқул келмаган, фақат 2 та мусиқий асар қайта ишлаш шарти билан иккинчи турга ўтказилган.
1992 йилги танловда бир эмас, икки ижодий иши билан қатнашган композитор Рустам Абдуллаев эса «Дарё»га берган интервьюсида жараённи шундай эслади:Мадҳия бўйича танлов эълон қилингач, мадҳия ёзадиганлар кўпайди — ашулачи, созанда, бастакор, композитор, ҳаттоки, ишчилар, деҳқонлар ҳам ўз шеърлари, бир овозли мусиқаларини танловга юборди. Ғолибни аниқлаш мақсадида катта комиссия тузилди — унинг таркибида шоир ва композиторлардан ташқари олимлар, адабиётшунослар, тарихчилар, хуллас турли соҳа вакилларидан 20 нафарча одам бор эди. Улар мадҳияликка номзод юзлаб ижодий ишларни саралаган.Биринчи босқичда 78 та мадҳия танлаб олинди. Кейинги босқичда 40 таси маъқул деб топилди. Саралашда холисликни таъминлаш мақсадида номзод мадҳияларнинг шеъри ва мусиқа муаллифлари исм-фамилиялари яширилиб, улар фақат рақамлар билан ажратиб чиқилган. Сўнг 20 та мадҳиядан 15 таси, 15 тадан учтаси финал босқичга ўтган. Якуний босқичда қатнашиш учун сараланган учта мадҳия муаллифлари Абдулла Орипов ва Мутал Бурҳонов, Мирпўлат Мирзо ва мен ҳамда Абдулла Орипов ва Бахтиёр Алиев эканлиги маълум бўлди.
Рустам Абдуллаев, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси
Номзод асарлар
Рустам Абдуллаевнинг таъкидлашича, у мадҳия учун мусиқа ёзишдан аввал шоир Мирпўлат Мирзога «Сиз ҳам қатнашинг, олдин шеърини ёзиб беринг», деб таклиф билан чиққан. Шунингдек, у шоир Абдулла Ориповнинг «Минг йиллар қаъридан келар карвонинг» деб бошланувчи шеърига басталанган мусиқани ҳам танловга тақдим этган. Бу шеърга унинг талқинида ёзилган мусиқа якуний босқичгача етиб боролмаган, аммо композитор Бахтиёр Алиевнинг худди шу шеърга басталаган мусиқаси финалга чиққан.Ўзбекистон мадҳияси қандай бўлиши керак, у қайси мусиқага асосланиб тайёрланиши керак деган муҳокамалар жараёнида, масалан, «Чўли Ироқ» ёки «Муножот»ни мадҳия қилсак, деган таклифлар ҳам тушган. Халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига бағишланган «Сен баҳорни соғинмадингми?..» тўпламида эсланишича, Олий Кенгашнинг мадҳия масаласига бағишланган 10 декабрдаги мажлисида Пиримқул Қодиров финалга қадар етиб келган учта мадҳия вариантларини депутатларга эшиттиришдан аввал, мадҳияга қўйиладиган талаблар ҳақида гапирган ва шунда нега «Муножот»ни мадҳия қилиб бўлмаслигига изоҳ берган.
«Давлат мадҳияси қўшиқ каби фақат миллий чолғу асбобларидагина ижро этилса, Ўзбекистондан ташқарида, масалан, Европа ёки Осиё мамлакатларида уни ижро этадиган чолғу асбоблари топилмай қолиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, давлат мадҳиялари барча мамлакатларда бор бўлган симфоник ва духовой оркестрларда, хор иштирокида ижро этилади. Мусиқа шу талабларга мослаб ёзилади... ‘Чўли Ироқ’ни, ‘Муножот’ни мадҳия қилсак, деган таклиф тушди. Лекин бу яхши кўрган, гўзал куйларимизни бошқа мамлакатларда ижро этиб бўлмаслигини ўзларингиз тасаввур эта оласизлар», — деган Пиримқул Қодиров.
Ўз навбатида, Пиримқул Қодиров «Ўзбекистон Давлат мадҳиясида миллий руҳ, миллий жаранг бўлиши керак»лигини тасдиқлаб, «давлат мадҳияси бизнинг халқимизга хос жозибали, миллий оҳангларни бошқа давлат халқларига ҳам етказиб берадиган умуминсоний савияда ёзилиши зарур»лигини қайд этиб ўтган, финалгача етиб келган учала мадҳия — шоир Абдулла Орипов ва композитор Мутал Бурҳонов, шоир Мирпўлат Мирзо ва композитор Рустам Абдуллаев ҳамда шоир Абдулла Орипов ва композитор Бахтиёр Алиев тайёрлаган ижодий ишларда юқорида санаб ўтилган «фазилатлар» борлигини таъкидланган. «Ҳар учала вариантда ҳам Ватанга муҳаббат, истиқлолни улуғлаш, келажакка ишонч руҳи янграб турибди», — деган Пиримқул Қодиров.
Қизиғи, финалга чиққан номзод мадҳияларнинг бирида миллий — карнай мусиқа асбобидан фойдаланилган эди. «Мен карнай қўшганман. Тўғри, карнай ўзимизда қўлланиладиган бир варианти эди. Карнай ҳам, ноғора ҳам жуда улуғвор оҳанг берувчи мусиқий асбоб-да. Тадбирларимиздан аввал, концертларга боришда йўлларда карнай чалиб турса, биласизми, одамлар кулиб, руҳан тетикланиб, ҳамманинг кайфияти ўзгариб кетади», — деб таъкидлайди Рустам Абдуллаев «Дарё» мухбири билан суҳбатда.
Жараён «Сен баҳорни соғинмадингми?..» тўпламида шундай эсланади:
«Раислик қилувчи биринчи бўлиб Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга сўз берди. Абдулла Орипов давлат мадҳияси шеърий матнининг ўзи ёзган икки вариантини ўқиб эшиттирди. Биринчиси, ‘Баҳор’ ансамбли учун жозибали миллий куйлар ёзиб, тажриба орттирган композитор, собиқ СССР давлат мукофоти совриндори Бахтиёр Алиев мусиқасига (‘Минг йиллар қаъридан келар карвонинг...’ деб бошланувчи) шеърий матн эди. Иккинчиси эса машҳур бастакор Мутал Бурҳоновнинг элга таниш мусиқасига ёзилган (‘Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот’ деб бошланувчи) мадҳия матни эди. Сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби, шоир Мирпўлат Мирзо ўзининг таниқли бастакор, кўплаб ёш композиторлар танловининг совриндори Рустам Абдуллаев мусиқасига ёзган шеърий матнни ўқиб берди... Шундан кейин депутатлар ҳар учала матн вариантини мусиқалар билан бирга тинглайди».
Рустам Абдуллаев «Дарё» мухбири билан суҳбатда Олий Кенгашдаги ўша жараёнда учала номзод мадҳия муаллифлари ёнма-ён ўтиргани ва жуда ҳаяжонланганини сўзлаб бераркан, жараённи қуйидагича хотирлайди:
Олий Кенгаш залида дастлаб Бахтиёр Алиев мусиқаси билан яратилган мадҳия янгради. Уни яхши қабул қилишди. Кейин мен ва Мирпўлат Мирзо ҳамкорлигидаги мадҳия жаранг сочди, у ҳам жуда яхши қаршиланди. Охирида Абдулла Орипов шеърига композитор Мутал Бурҳонов томонидан басталанган куй қўйилгач, қарсаклар зўр бўлди, депутатларнинг кўпи ўрнидан туриб кетди. Биз ҳам хурсанд бўлганмиз. Бу ҳолатни кўриб, «Натижа маълум бўлганга ўхшаяпти», деган фикрлар ўтган.Учала мадҳия янграгач, Абдулла ака минбарга чиқиб, шеърларини ўқиган. Депутатлар яширин овоз бергач, 404 балл билан Абдулла Орипов ва Мутал Бурҳонов ҳамкорлигидаги мадҳия ғолиб бўлган. Бизнинг ижодий ишимиз иккинчи, Бахтиёр Алиев мусиқаси билан тайёрланган мадҳия эса 3-ўринга лойиқ кўрилган. Ғолибларни қучоқлаб табриклаганмиз, қувонганмиз. Танловнинг финал босқичига етиб, иккинчи ўринни олишнинг ўзи ҳам катта гап. Негаки, якуний босқич ўтказилаётган залда депутатлардан ташқари, мамлакат раҳбарияти ҳам бор эди.
Рустам Абдуллаев, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси
Олий Кенгашнинг 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси матни ва мусиқаси вариантлари муаллифларини мукофотлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Олий Кенгаш томонидан тасдиқланган давлат мадҳиясининг муаллифлари — Абдулла Орипов ва Мутал Бурҳонов 100 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланган. Давлат мадҳиясининг вариантлари сифатида тақдим этилган матн ва мусиқалар муаллифлари — Мирпўлат Мирзо ва Рустам Абдуллаевга 75 минг сўм, Абдулла Орипов ва Бахтиёр Алиевга эса 50 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти берилган (таққослаш учун — 1992 йил 2 сентябрдаги ҳукумат қарорида бир доллар учун курс 85 сўм деб кўрсатилган).
Ғолиб мадҳия атрофидаги муҳокамалар
Юқорида 1991 йилнинг июнь ойида давлат мадҳияси мусиқаси учун тақдим этилган асарлар муҳокамаси учун йиғилиш ўтказилгани таъкидланган эди. Журналист Иззатулла Норқувватовнинг ёзишича, «йиғилиш якунида таниқли мусиқашунослар фикрига таянилиб, ҳозиргача жаранглаётган Мутал Бурҳонов асарини янги мадҳияга асос қилиб олиш фикри маъқулланган», кейинчалик эса Абдулла Орипов «Маданият, фан, халқ таълими ва маданий меросни асраш қўмитаси қарорига биноан Мутал Бурҳонов мусиқасига мослаб янги шеър ёзиб берган».Журналист «ҳозиргача жаранглаётган» деганда Мутал Бурҳонов томонидан 1947 йилда басталанган ва 1992 йил 10 декабрга қадар (масалан, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг 1992 йилнинг апрель ойида Саудия Арабистонига сафари вақтида ҳам) қўлланилган ЎзССР мадҳияси мусиқасини назарда тутган.
«Халқ сўзи» нашрида эълон қилинган «Энг ноёб мусиқа асарларидан бири ёки мадҳиямиз яратилиш тарихига назар» мақоласидан кўчирмаКомпозитор Рустам Абдуллаевнинг таъкидлашича, 1947 ва 1992 йилги мадҳиялар — «бошқа-бошқа нарсалар»дир.Манбаларда таъкидланишича, Иккинчи Жаҳон урушигача СССРнинг давлат мадҳияси йўқ эди. У фақат 1944 йилга келибгина яратилган ва давлат гимни сифатида ижро этила бошланган. Шу билан боғлиқ тарзда собиқ Иттифоқ республикалари ҳам ўз давлат мадҳияларини яратиш ҳаракатига тушган.
1946 йилда Ўзбекистонда давлат мадҳияси матни бўйича танлов эълон қилинади. У ёпиқ тарзда ўтказилади. Яъни, матн муаллифи ўз исм-шарифини сир сақлаган ҳолда шеърини конвертга солиб, унинг устига шартли ном қўйиб жўнатиши лозим эди. Муҳокамалар натижасига кўра, шоир Темур Фаттоҳ ёзган матн энг кўп овоз олади.
Шундан сўнг мазкур матнга мусиқа ёзиш учун бастакорлар ўртасида ҳам ёпиқ танлов ташкил этилади. Ҳайъат таркибида эндигина 30 ёшни қоралаган Мутал Бурҳонов ҳам бор эди. Шу боис у истиҳола қилиб, танловда қатнашишни лозим топмайди. Аммо дўсти, профессор Султон Умаров: «Танловда иштирок этинг», деб туриб олади.
«Бошқа юмушларни четга суриб, бутун вужудим билан ишга киришдим, — дея ёзади бастакор ўзининг ‘Кўнгил хазинаси’ китобида. — Ўзбек халқ мусиқасининг рангин оҳангларини изладим, чунки унда шашмақомимизнинг гардун йўли бор... Ниҳоят, мадҳияни тугатдим. Ноталарини тайёрлаб, конвертга солдим-да устига ‘Поэма’ деб шартли ном қўйиб, ҳайъатга жўнатдим».
Қатор таниқли, тажрибали, маҳоратли бастакорлар ижод намуналари билан қатнашган танловда Мутал Бурҳонов ҳайъат аъзоси сифатида ўз асарига қарши овоз берган. Аммо муҳокамалар якунида айнан шу асар давлат мадҳияси сифатида тасдиқланган.1967 йилга келиб эса матнга айрим ўзгартиришлар киритиш зарурати туғилади ва бу юмушга шоир Туроб Тўла жалб этилади. Мусиқа эса ўзгартирилмайди.
«Биласизми, у (1947 йилги мадҳия мусиқаси — «Дарё» изоҳи) бошқа нарса. У ерда сўзи бошқа, сўзи бошқа бўлганидан кейин мусиқанинг рифмалари ҳам бошқа. Оҳанги, балки, қолгандир, лекин улар мусиқани қайтадан, янги шеърга мослаштирган ва мусиқанинг кўп жойлари ўзгариб кетган. Янги мадҳиянинг мусиқаси, сўзидан келиб чиққан ҳолда, бошқа нарса», — дейди композитор.
Рустам Абдуллаев Россия ва Тожикистонда ҳам шундай амалиёт қўлланилганини таъкидлайди — Россияда 2000 йилдан композитор Александр Александров томонидан 1939 йилда ёзилган, 1944 йилдан СССР гимни ҳисобланган мусиқадан фойдаланилмоқда, Тожикистоннинг 1994 йилда тасдиқланган мадҳияси мусиқаси эса композитор Сулаймон Юдаков томонидан 1946 йилда Тожикистон ССР мадҳияси учун ёзилган.
«Дунёнинг кўп давлатларида шундай — сўзлари сайқалланиши мумкин, лекин мусиқа қолиб кетади. Бу ишнинг тагида бирор нима йўқ. Улуғворлик, тантанаворлик, инсоннинг дилида мадҳияга нисбатан яратилган образлар бугун ҳам, эртага ҳам, индинга ҳам шундай — устоз Мутал акага ҳозир мусиқа ёздирсангиз ҳам, шундай ёзиб берардилар», — дейди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси.
«Жуда улуғвор, тантанавор, халқимизнинг дилида, халқимизнинг қулоғида бор нарса бўлгани учун ҳам қўллаб-қувватланган. Чунки бу оммавийлашиб кетган мадҳия бўлгани учун, ўйлайманки, бу нарсага кўп аҳамият қаратиш керак эмас. Энг асосий мақсад — мадҳия зўр бўлиши керак. Мен бирорта композитор ё бастакорни кўрмадимки, шу иш нотўғри бўлди, деганини. Норози бўлган одам бўлмаган», — дея қўшимча қилди у.
Интервью якунида Рустам Абдуллаев роялда Ўзбекистон мадҳияси мусиқасини ижро этиб, Мутал Бурҳонов даҳосига шундай баҳо берди: «Доҳиёна мусиқа!».