3 декабрь — Халқаро ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш куни. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам ногиронликдан азият чекади. Бу дунё аҳолисининг, тахминан, 15 фоизини ташкил этади. Сурункали касалликларнинг кучайиши ва қарилик сабаб уларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам бундай шахслар сони кам эмас. Иш билан таъминлаш, жамиятдаги нотенглик муаммоси эса ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда. «Дарё» мухбири сана муносабати билан юртимизда ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлаш тартиби ва бу борадаги тўсиқ, камчиликларни ўрганди.

«Бизга балиқ берманг, балиқ тутишга имкон беринг...»

Давлат меҳнат инспекциясининг маълум қилишича, бугун Ўзбекистонда 750 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар бор, уларнинг 220 минг нафари ёки 29,4 фоизи меҳнат фаолиятининг муайян турларини бажаришга лаёқатли ҳисобланади.

«Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий аппарат комплекси базасидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда 27 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар доимий иш ўрнига эга. Ушбу кўрсаткич меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг 12,3 фоизини ташкил этади. Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш масаласида қатор ишлар қилинаётганига қарамай, мутахассислар бу борада камчиликлар талай эканини таъкидламоқда.

Хусусан, «Ishplus.uz» портали менежери Улуғбек Маматхоновнинг айтишича, йиллар давомида ўзбек халқининг онгида шаклланиб келган стереотиплар туфайли ногиронлиги бор шахсларнинг кўпчилиги иш билан таъминланмаяпти.

«Ishplus.uz» портали менежери Улуғбек Маматхонов

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

«Ногиронлиги бўлган шахсларни жамоатчилик кўпроқ истеъмолчи, хайрия объекти сифатида қабул қилади. Бизларни нимагадир қодир, қўлидан бирор иш келади, деб ўйлайдиганлар, афсуски, жуда кам.

Ўзбекистонда уларга тиббий модель сифатида ҳам қаралади. Йилда бир марта даволанишга ордер берилади, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилади, 3 декабрь куни у ер, бу ерга байрам дастурхонига чақиришади. Бўлди. Шу билан кўплаб ташкилот раҳбарлари ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаяпмиз, дейди. Уларга айтардимки, бизга балиқ берманг, аксинча, балиқ тутишимизга имкон беринг».

«Умр бўйи жамиятга бегонадек яшайверади»

Улуғбек Маматхонов яна ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашдаги қатор тўсиқлар ҳақида гапирди:

«Штат жадвалида 20 нафардан ортиқ ходими бор ташкилот ва муассасалар уч фоизгача иш ўрнини ногиронлиги бор шахсларга бериши керак. Масалан, бир корхонада 100 нафар ишчи бўлса, шундан уч нафари ишга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахс бўлиши лозим. Ушбу тартиб ‘Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида’ги Қонуннинг 43-моддасида белгилаб қўйилган. Афсуски, мазкур тартиб амалиётда ишламайди. Иш берувчиларнинг деярли ҳаммаси бундай модда борлигини билмайди.

Иш берувчиларнинг аксари бир нарсани қабул қила олмайди, яъни ногиронлиги бўлган шахсни ҳафтада 36 соатдан ортиқ ишлатиши мумкин эмас. Бу Меҳнат кодексининг 220-моддасида қайд этилган. Шу боис қонунчиликдан хабардор иш берувчилар имконияти чекланганларни ишга қабул қилишни хоҳламайди.

Шунингдек, ногиронлиги бор шахсларнинг кўпчилиги ногиронлиги бўлмаган одамлар билан жамоавий тарзда ишлаш, тил топиб кетиш кўникмаларига эга эмас. Бунга сабаб Ўзбекистонда инклюзив таълимнинг йўқлиги, яъни ногиронлиги бўлган шахслар махсус мактабларда фақат ногиронлиги бор тенгдошлари билан бирга ўқийди. Таълим муассасасини битиргач жуда кўпчи тўрт мучаси соғ одамлар даврасига қўшилолмайди, Умр бўйи жамиятга бегонадек яшайверади».

«Уч фоизлик квота энг аввал давлат ташкилотларида қўлланилиши керак»

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов ҳам «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ққонуннинг 43-моддаси амалиётда деярли ишламаслигини танқид қилди.

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

«Қонунчиликка кўра, агар корхонада 20 дан ортиқ ходим ишласа, ўша корхона уч фоизлик квота асосида ногиронлиги бор шахсларни ишга олиши шарт. Агар бунга амал қилмаса, жарима тўлаши керак. Мана шу тартиб қабул қилинганидан бери ишламайди. Бу тартиб ижросига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул, аммо назорат етарлича эмас. Давлатга пул керак эмасми? Нима учун шу қонун бўйича ташкилот ва муассасаларни жаримага тортмаяпти?

Жаримадан тушган пуллар ногиронлиги бор шахслар учун янги иш ўринлари яратишга сарфланиши керак. Бироқ жарима олинаётгани бўйича бирор аниқ маълумот йўқ.

Биз мазкур тартиб ишлаши учун бир таклиф билан чиқяпмиз. ‘Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида’ги Қонуннинг 43-моддаси бўйича ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олмаётган ташкилотлар учун даромад солиғи ставкасини 1 фоизга кўтариш керак. Бу таклиф ҳукуматга тайёрлаётган лойиҳамизга киритилмоқда.

Уч фоизлик квота, аввало, давлат ташкилотларида қўлланилиши керак. Шу орқали улар бизнес структура ва хусусий секторга намуна бўларди. Масалан, Жанубий Кореяда давлат хизматчиларининг етти фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат. Бу кўрсаткич Америкада 30 фоиз, Германияда 25 фоизни ташкил қилади», — дейди ассоциация раиси.

«Минглаб битирувчига иш ўрни тайёр эмас»

Ассоциацияси раисининг қайд этишича, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш борасида Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи эмас.

«Биздан кейинги ўринда Тожикистон туради, Туркманистондаги ҳолат юзасидан очиқ маълумотлар йўқ. Истардикки, Ўзбекистон бу борада ҳам қўшни давлатларга ибрат бўлиб, етакчилик қилса.

Яна бир муаммо шуки, олий ўқув юртларига қўшимча икки фоизлик квота асосида ўқишга кирган ногиронлиги бор илк битирувчилар кейинги 2022 йилда меҳнат бозорига кириб келади. Давлат уларни грант асосида ўқитди. Бироқ тўрт мингга яқин битирувчи учун иш ўрни тайёр эмас, уларни ишга жойлаштириш бўйича бирор механизм йўқ, афсуски.

Айрим банкларнинг чекка ҳудудлардаги филиаллари якка тартибда тадбиркорлик қилиш ниятидаги ногиронлиги бор шахсларга кредит бермайди, кўп сарсон қилади. Улар кредитни қайтарилишига ишонмайди. Жамиятимизда бундай қолиплар жуда кўп. Марказий банк бу борада қандайдир механизм ишлаб чиқиши, кўмаклашишини хоҳлардик».

«Камситиш ҳолатлари салбий таъсир кўрсатяпти»

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг таъкидлашича, ногиронлиги бор шахслар ўртасида бандлик кўрсаткичи жуда паст. Улар билан давлат ташкилотлари эмас, балки нодавлат ва халқаро ташкилотлар кўпроқ шуғулланмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

«Бир томондан қаралса, уларнинг ишлаши учун давлат сезиларли ҳаракат қилмагандай кўринади. Дарҳақиқат, биз бу борада жуда кўп квоталар ажратяпмиз, ўқув курслари ва семинарлар ташкил этяпмиз, лекин кўпчилиги, асосан, расмиятчилик билан боғлиқ.

Жамиятда ҳалигача салбий стереотиплар: ногиронлиги бор шахсларга нисбатан нотўғри қарашлар, ишончсизлик бор. Иш берувчи бундай шахсларнинг меҳнат кўникмаси ошиши, қобилиятининг ривожланишига деярли аҳамият бермайди. Бу — бизнинг камчилигимиз.

Ногиронлиги бўлган шахснинг меҳнат жамоасида тез-тез камситилиши иш жараёни ва адаптацияга салбий таъсир кўрсатяпти. Аксарият иш берувчилар уларни ишга олиш, шарт-шароит яратиш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича корпоратив маданиятга эга эмас. Бу, албатта, амалдаги қонунларимизни инкор этиш билан баробар. Буни маъмурий жиноят деб баҳолаш ҳам мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларни моддий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари йўлга қўйилмаган. Шунингдек, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бор шахсларнинг электрон реестри ҳам шакллантирилмаган», — дейди Умрзоқов.

«Шаҳар инфратузилмаси ҳам асосий тўсиқлардан...»

Улуғбек Маматхоновнинг қайд этишича, «Ishplus.uz» портали БМТнинг Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни яхшилаш бўйича қўшма дастурининг грант кўмаги билан 2020 йил декабрда фаолиятини бошлаган.

Ушбу портал ногиронлиги бўлган шахслар учун очиқ меҳнат бозорида муносиб иш ўринларини топиш ҳамда уларни инклюзив иш билан таъминлашга кўмаклашади. Порталда беш нафар ходим фаолият юритади (тўрт киши ногиронлиги бўлган шахс). Аммо бу жуда оз. Чунки мурожаатлар кўп, жисмонан улгурмаймиз.

Порталимизнинг «@ishplus_uz» Telegram каналида 1,2 минг нафар аъзо бор. «OLX.uz», «Rabota.uz» каби платформаларни мунтазам кузатамиз. Уларда бўш иш ўринлари эълон қилган ташкилот ва муассасалар билан боғланамиз. Иш берувчилар ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олишга розилик билдирсагина, бўш иш ўрни тўғрисидаги эълонни таҳрирлаб, тўлдирамиз ва Telegram каналимизда оммага ҳавола қиламиз. Ногиронлиги бўлган шахслар ўзларига мосини танлаб, бизга алоқага чиқади ва уларнинг исм-шарифи, боғланиш рақамларини ёзиб оламиз. Бироз вақт ўтиб, ногиронлик ҳолати, иқтидоридан келиб чиқиб, маълум ишга йўналтирамиз.

2021 йилнинг ўтган даврида порталимиз орқали 417 та бўш иш ўрни эълон қилинди. 30 нафар ногиронлиги бўлган шахс доимий иш ўрнига эга бўлиб, айни пайтда даромад топяпти. Камида 40–50 нафар ногиронлиги бўлган шахс бир ҳафта ёки ўн кун ишлаб, бўшаб кетган. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, улар орасида юқорида айтганимдек, жамоа бўлиб ишлаш кўникмасига эга бўлмаганлар жуда кўп. Шунингдек, Тошкент шаҳар инфратузилмаси ҳам тўсиқ бўлмоқда. Масалан, Юнусободда яшайдиган ишчи Сергелига ҳар куни қатнаши қийин. Чунки метро ва бошқа жамоат транспортидан мустақил фойдалана олмайди. Таксига эса пули етмайди. Шу боис қисқа вақт ишлаб, кетиб қолаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Улар уйдан туриб бажарадиган иш сўрайди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилаётган иш берувчилар ҳеч иккиланмай уларни ишга олишини истардик. Биз иш берувчиларнинг ташкилотига бориб, у ердаги ходимларга ҳам, раҳбариятга ҳам тренинглар ўтиб келамиз.

Ногиронликдан ҳеч ким ҳимояланмаган. Инсон қандай лавозимда ишлаши ва соғлом бўлишидан қатъи назар, бир неча сонияда ногиронга айланиши мумкин. ‘Мен ҳам шу ногиронлиги бор шахслар орасида бўлиб қолишим мумкин-ку’, деган ёндашув билан ҳамкорлик қилса, ёрдамлашса хурсанд бўлардик», — дейди Улуғбек Маматхонов.

«2022 йилгача янги қарор қабул қилинади»

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов бу борадаги мавжуд муаммолар ҳисобга олинган ҳолда, «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.

«2021 йил якунигача қабул қилиниши кутилаётган мазкур қарор ўз меҳнати орқали даромад топиш истагидаги ногиронлиги бор шахслар учун янги имкониятларни яратади.

Қарор лойиҳасида қуйидаги янгиликлар ўз аксини топиши кутилмоқда:

  • ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчига ҳар бир ходими учун 6 ой давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия ажратилади;
  • касб-ҳунар коллежлари ва техникумларда камида иккитадан ногиронлиги бўлган шахслар учун касб-ҳунарга ўқитишга мўлжалланган қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади;
  • 2022 йилдан бошлаб ‘Ишга марҳамат’ мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, шунингдек, хорижий тил ва тадбиркорлик бўйича ҳам махсус курслар йўлга қўйилади;
  • ногиронлиги бор шахслар ишлаётган корхоналар ишлаб чиқарган маҳсулотларни харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади;
  • тажриба тариқасида Нукус ва Тошкент шаҳарларида ногиронлиги бўлган шахсларни илмий, маданий, санъат, спорт ва касб-ҳунарга оид ташаббуслари ҳамда қизиқишларини қўллаб-қувватловчи ‘Имкониятлар маркази’ни ташкил этиш кўзда тутилмоқда;
  • ногиронлиги бўлган шахслар ишлашга ихтисослашган корхоналар фаолияти ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинади;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаолиятига мослаштирилган ижтимоий корхоналар ташкил этилади;
  • ҳар йили 50 нафаргача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшларни хорижий давлатлардаги етакчи олий ўқув юртларига ўқишга юбориш ва харажатларини давлат бюджетидан қоплаш масаласи ҳам ҳукумат олдига қўйилмоқда», — дейди Баҳодир Умрзоқов.

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовнинг қўшимча қилишича, қарор лойиҳасида иш билан таъминланган барча ногиронлиги бўлган шахсларни даромад солиғидан озод қилиш ҳам кўзда тутилган.

Қонун бузилиш ҳолатлари ҳақида

Давлат меҳнат инспекциясининг «Дарё»га билдиришича, 2021 йилнинг 11 ойида ўтказилган ўрганишлар давомида корхона-муассаса ва ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахсларга меҳнат шароитлари яратилмаганлиги ҳолати бўйича 81 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган.

«Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган текширишлар натижасида, квота бўйича иш ўрни ташкил қилиш ёки қонунчилик билан белгиланган тартибда маълумотлар тақдим этиш борасида 319 та қонун бузилиш ҳолати аниқланди. Мазкур ҳолатлар бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 50-моддаси 1-қисми бўйича 450 миллион 685 минг сўм маъмурий жарима қўлланилди.

‘Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида’ги Қонуннинг 23-моддаси талаби ижроси таъминланганлигини ўрганиш мақсадида, 11 ой мобайнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бирор объектга кириши учун шароитлар яратилгани юзасидан 2345 та бинода мониторинг ва 698 та ташкилотда текширишлар ўтказилди. Натижада, 47 ҳолатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектга кириши учун шароит яратиш зарурлиги, аммо белгиланган кунгача шароитлар яратилмагани маълум бўлди.

Текшириш чоғи бектларнинг 47 таси ёки 23,1 фоизига ёзма кўрсатмалар берилди ва пандус қуриш учун муддатлар белгиланди. Махсус шароитлар ҳозирланмагани учун давлат меҳнат инспекторлари томонидан 2021 йилда суд органларига 14 та ҳолат бўйича даъво аъризалари киритилди»,  дейилади Давлат меҳнат инспекцияси ахборотида.

«Улар бизнес учун ‘ортиқча юк’ эмас...»

Буюк Британиядаги Сассекс университетининг Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти Дилмурод Юсуповга кўра, Ўзбекистоннинг ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлаш мақташга арзигулик эмас.

Дилмурод Юсупов

Фото: Шахсий архивдан

«Ҳукумат биринчи навбатда ногиронглиги бўлган шахсларни бандлик билан таъминланиш даражасини аниқлаш учун кенг кўламли ва доимий тадқиқотлари олиб бориши керак.

Меҳнатга доир йиллик ёки чорак тадқиқотлар ва сўровномаларда ногиронлик компоненти ҳам киритилиб, аниқ кўрсаткичларни олишимиз керак. Асосли статистик маълумотлар кейинчалик бу соҳада самарали ижтимоий ва иқтисодий сиёсат олиб боришга замин бўлади. Афуски, бундай маълумотлар ҳозирча етишмайди ва муаммо кўламини аниқ билмаймиз.

Маҳаллий бизнес вакилларида ногиронлиги бор шахслар учун иш жойларини очишни мажбурлай олмаймиз. Уларга мотивация бериш керак, бу борада аввало, тарғибот ишларини тўғри йўлга қўйишимиз шарт. Ногиронлиги бўлган шахслар бизнес учун ‘ортиқча юк’ эмас, балки иқтидор соҳиблари ва потенциал ишчи кучи, меҳнат бозорининг муҳим қисмини ҳам ташкил этади», — дейди тадқиқотчи.

Дунё тажрибаси қандай?

Қирғизистонда ногиронлиги бор шахслар учун махсус квота тизими мавжуд бўлиб, бу уларнинг иш топиш имкониятини тартибга солади. Мисол учун, агар компанияда ишчилар сони камида 20 киши бўлса, у ҳолда ногиронлар учун беш фоиз, яъни камида битта иш билан таъминланиши керак.

Давлат бандлик хизмати органлари ҳар бир календарь йили бошланишидан уч ой олдин иш берувчини ушбу нормалар тўғрисида хабардор қилиши шарт. Хусусий бизнес учун бундай қоидалар фақат маслаҳат характерига эга. Ҳатто давлат ташкилотларида ҳам камдан кам ҳолларда квота кузатилади. Ногиронлиги бўлган шахс кўпинча иш берувчи томонидан камситишларга дуч келади. Мамлакатда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга кўп жиҳатдан нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамғармалар ва жамоат бирлашмалари ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун муваффақиятли ишга жойлашиш ҳолатларидан бири Бишкек шаҳридаги Соломон Сандwичес инклюзив кафесидир. Муассаса 2020 йилда Даун синдромли болаларнинг ота-оналарини бирлаштирган Сунтерра жамғармаси раҳбарияти томонидан очилган. Кафеда мия фалажига чалинган ногиронлиги бор шахслар аравачасида официантлар ва Даун синдроми, эшитиш қобилияти заиф бошқа ходимлар ишлайди. Ишни бошлашдан олдин барча ходимлар ўқитилади.

Бишкекдаги Соломон Сандвичес инклюзив кафеси ишчилари

Фото: «Лимон.кг»

Қирғизистонда ногиронлиги бор шахслар бандлигини таъминлаш мақсадида турли лойиҳалар мавжудлигига қарамай, бундай инсонлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатда 190 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахс рўйхатга олинган, уларнинг 80 фоизи ишсиздир. Икки кўрсаткич йил сайин юқориламоқда.

Аммо Буюк Британияда бу борадаги ишлар бироз қувонарли. 2021 йил ҳолатига кўра, мамлакатда 4,4 миллион ногиронлиги бўлган шахс расман иш билан таъминланган. Бу меҳнат ёшидаги (16–65 ёш) ногиронлиги бўлган шахсларнинг 52,7 фоизи банд дегани. Европа Иттифоқи мамлакатларида эса 50,6 фоиз ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилади.

Мамлакатда иш берувчиларнинг ногиронлик ҳолати туфайли иш изловчиларни ишга қабул қилмаслик ва камситиши 2010 йилда қабул қилинган Тенглик акти билан тақиқланган. Ишга ариза топшириш ва қабул қилиш давомидаги суҳбат, меҳнат шароитлари, жумладан, иш ҳақи, ишдан бўшатиш жараёнида ногиронлиги бўлган ишчиларни камситиш қонун бўйича мумкин эмас.

Шунингдек, Буюк Британияда давлат нафақат ногиронлиги бўлган иш изловчиларни қўллаб-қувватлайди, балки инклюзив меҳнат амалиётларини татбиқ этаётган иш берувчиларни ҳам рағбатлантиради. Масалан, «Ногиронлар учун ишончли иш берувчи» дастури 2016 йилдан бери ишлайди. Бу дастурда ҳозирги пайтда 18 мингдан ортиқ иш берувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, учта тоифага бўлинган: мажбурият олган, ишончли ва етакчи. Дастурнинг мақсади — ногиронлиги бор шахсларни ишга жалб этганларни рағбатлантиришдан иборат. Дастур орқали 2027 йилгача яна 1 миллион ногиронлиги бўлган шахсни хусусий секторда иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Францияда 20 ва ундан ортиқ ишчиси бўлган корхоналарда иш ўринларининг 6 фоизи ногиронлиги бўлган шахсларга берилади. Иш берувчининг ходимлари орасида ногиронлиги бўлган ишчилар бўлиши фойдалидир. Чунки бундай корхоналарга имтиёзли солиқ режими қўлланилади ёки давлат субсидиялар тўлайди.

Бошқа бир қатор Европа мамлакатларида давлат томонидан иш топишда ёрдам беришдан ташқари, ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими ҳам мавжуд бўлиб, уларга қўшимча ёрдам кўрсатилади. Мисол учун, Германия қонунчилиги бир неча соат давомида шахсий ёрдамчининг хизматларидан бепул фойдаланиш имконини беради. Бу кундалик ҳаётда ёрдам бериши мумкин бўлган ёки, масалан, банкка ҳисоб-китобларни тўлаш учун тўлашга борадиган одам.

Дунё тажрибасида ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятдан узоқлаштирмаслик, барча соғлом инсонлар қатори уларга ҳам ишлаш, ижтимоийлашиш имконини бериш асосий масалалардан биридир. Бизда ҳам ушбу муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, уларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини қонунда белгиланган тартибда амалга татбиқ этиш фурсати аллақачон етган. Инсон қадри ҳаммасидан баланд экан, Ўзбекистонда яшаётган бундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат шароити яратиш, ўзимизга бегона тутмаслик тўғри қарорлардан бўлади.

Муаллиф:Миролим Исажонов