Россиянинг Smartavia авиакомпанияси Наманганга илк мунтазам парвозини амалга оширди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Авиакомпания Boeing-737 русумли ҳаво кемасида 2 декабрь куни тонгда 137 нафар йўловчини Санкт-Петербургдан Наманганга олиб келди.
Орадан 1,5 соат ўтиб 169 нафар йўловчи шу самолётнинг ўзида Намангандан Санкт-Петербургга учиб кетди.
Smartavia Россиядаги йирик авиакомпаниялардан бири бўлиб, 15 та ҳаво кемасига эга, Россия ва хориждаги 60 дан ортиқ аэропортга парвоз қилади.
Компания бугунга қадар Санкт-Петербург—Наманган—Санкт-Петербург йўналишидаги фақат чартер рейсларини амалга ошириб келарди. Энди Smartavia ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ушбу йўналишда доимий парвозларни йўлга қўйди.
Наманган халқаро аэропорти мутасаддиларининг маълум қилишича, 2021/2022-қиш мавсуми парвозлар жадвалига мувофиқ Россиянинг С7 Airlines ва Урал Airlines авиакомпаниялари Наманганга мунтазам парвозларни бажариши мумкин эди. Бугундан уларнинг қаторига Smartavia ҳам қўшилди.
Изоҳ (0)