БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) экспертларининг хулосасига кўра, халқаро туризм пандемиядан олдинги кўрсаткичга 2023 йилдан эрта қайтмайди. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Зураб Пололикашвилига таяниб, «РБК» хабар берди.
«Экспертларнинг қарийб ярми (45 фоиз) халқаро туризм 2019 йилги даражага 2024 йилда ёки ундан кейин қайтади деб ҳисобламоқда, 43 фоизи эса 2023 йилда қайта тикланишини кўрсатмоқда», — дейди у.
Пололикашвилининг сўзларига кўра, экспертлар 2022 йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларида халқаро туризмнинг «жуда позитив кўтарилиш» ҳажмини кутмоқда. UNWTO бош котибининг айтишича, бу саёҳатлар учун кечиктирилган талаб билан боғлиқ. «Айни вақтда Жанубий Европа, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси минтақаларида кичик қайта тикланишларни кузатяпмиз», — дейди Пололикашвили.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, коронавирусга қарши вакцинация сертификатларининг ўзаро тан олиниши ҳам «шубҳасиз» туризмнинг қайта тикланишига ижобий таъсир кўрсатади. «Эмланган саёҳатчилар учун саёҳат чекловларини юмшатиш ва турли вакциналарнинг тан олиниши истеъмолчиларда саёҳатга бўлган ишончни оширишга ёрдам беради», — дея қўшимча қилади у.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг декабрида халқаро туризм 2020 йилнинг дастлабки 10 ойида 70 фоиздан кўпроққа пасайиб, 1990 йил даражасига тушгани тўғрисида хабар берилганди. Ўшанда UNWTO прогнозларига кўра, 2021 йилнинг иккинчи ярмига келиб туризм қисман тикланиши мумкинлиги, аммо 2019 йилги халқаро даражасига қайтиши катта эҳтимол билан 2,5 йилдан 4 йилгача вақт кетиши айтилган эди.
Изоҳ (0)