Асл исми Жеймс Дональдсон бўлган америкалик машҳур блогер MrBeast реал ҳаётда «Калмар ўйини»ни ташкиллаштирди. Бу ҳақда Esquire хабар беради.

Фото: Esquire

Жанубий Кореянинг машҳур сериалидагидек синов акс этган видео блогернинг YouTube-каналида тақдим қилинган. Унда нафақат синовлар, балки декорациялар ҳам бир хил эканини кўриш мумкин.

Ўйинда бир-бирига бегона 456 нафар иштирокчи қатнашган. Ғолибга 45,6 миллиард вон (38,122,800 доллар) ўрнига, 456 минг доллар соврин берилган. Шунга қарамай, айрим шартларда 10 минг долларгача маблағга эришиш мумкин бўлган. Қолаверса, сериалдагидан фарқли равишда, иштирокчиларнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид бўлмаган.

Ўқлар ўрнига хавфсиз воситалардан фойдаланилган, йиқилишлар хавфсиз бўлиши учун поролондан фойдаланилган, пичоқлар эса пластик бўлган.

МРБеаст Twitter саҳифасида майдон қурилиши акс этган кадрлар билан бўлишган. У мазкур ўйинни ташкиллаштириш учун 3,5 миллион доллар сарфлаган. MrBeast’нинг бу ташаббусидан ҳайратда қолган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унга кино суратга олишни тавсия қилган.

Айримлар ушбу лойиҳа учун 40 кун кетганидан ҳайратда қолса, бошқалар блогер уюштирган ўйин-кулги корейс сериалида мужассам бўлган маъно — шафқатсизликдан чалғитиши ва бу кўпроқ «Труман томошаси» (The Truman show) фильмининг замонавий версиясини эслатишини ёзиб қолдирган.

Маълумот учун, Netflix платформасида тақдим қилинган «Калмар ўйини» 2021 йилнинг энг машҳур лойиҳаларидан бири бўлган. Компанияга 900 миллион доллар даромад келтирган лойиҳани 17 кун ичида (17 сентябрдан бошлаб) 111 миллион киши томоша қилган.