Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили қамоқхона касалхонасидан Гори шаҳридаги ҳарбий госпиталга ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири Рати Брегадзе брифингда маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».
«Биз маҳбус Саакашвилини Гори шаҳридаги ҳарбий госпиталга ётқизишни таклиф қиляпмиз. У ер унинг саломатлиги ва хавфсизлиги давлат томонидан максимал даражада ҳимоя қилинадиган жой. Бу қарор билан биз нафақат Михаил Саакашвилининг, балки бошқа кўплаб инсонларнинг саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қиламиз», — деди вазир.
Унинг қайд этишича, даволаниш курси тугаганидан кейин Саакашвили Рустави қамоқхонасига ўтказилади.
«Шуни аниқ қилиб билдиришни истардикки, мухолифлар маҳбусни кўчиришга, сўнг тиббиёт ходимларининг ишига халақит бериши мумкин бўлган бирорта провокация содир этса, Саакашвили қамоқхона касалхонасига қайтарилади ва ҳар қандай ҳуқуқбузар қонун олдида қатъий жавобгарликка тортилади», — деди Брегадзе.
49 кундан бери очлик сақлаб келаётган Саакашвили адвокати билан учрашув вақтида йиқилиб тушиб, ҳушидан кетгани ҳақида хабар берилганди. Йиқилгач, у кўзини очмаган ва ҳеч нарсани сезмаган. Саакашвилини «носилка»да олиб кетишган. У қамоқхона шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Аввалроқ Саакашвилининг шахсий шифокори Николоз Кипшидзе Грузия собиқ президентининг аҳволи кескин ёмонлашганини маълум қилганди. Шифокорнинг сўзларига кўра, организмдаги эндокринологик ва метаболик ўзгаришлар натижасида юзага келган тери сарғайиши аввалги кунларга нисбатан кучайган. Доктор Кипшидзе яқин кунларда бу ўзгаришлар тузатиб бўлмас ҳолга келишидан хавотирда эди.
Изоҳ (0)