Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун Германия тараққиёт банки (KfW)дан 29,8 млн евро жалб этилади. Бу ҳақда президентнинг 12 ноябрдаги тегишли қарорида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, KfW томонидан Ўзбекистонда «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини молиялаштириш учун Ўзбекистон ва Германия ўртасида қарз ва грант битимлари имзоланган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 29,8 миллион евро бўлиб, шундан:
- 26,8 миллион евро KfWнинг кредити;
- 3 миллион евро лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ консультация хизматлари учун KfW гранти ташкил этади.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2021—2024 йилларда амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, уни мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, Лойиҳани амалга ошириш жараёнида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
Изоҳ (0)