Тошкент метрополитени ДУК бошлиғининг ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозимига чет эллик мутахассис ишга таклиф қилинмоқда. Бу борадаги эълон «Tashkent.hh.uz» сайтида пайдо бўлган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Номзоддан олий маълумот, IТ-соҳасида бошқарув бўйича тажриба, IТ-лойиҳаларни бошқара билиш талаб этилади. Талаблар орасида мутахассис хорижлик бўлиши кераклиги таъкидланган.

Қайд этилишича, хизмат вазифалари яхши бажарилган тақдирда, қўшимча рағбатлантириш кафолатланади. Ойлик иш ҳақи барча солиқлар ва йиғимлар чегириб ташланган тақдирда 7-10 минг долларни ташкил этади. Шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигида белгиланганидек, хизмат сафарлари учун компенсация, ижарага квартирада яшаш, иш вақтида транспорт хизматларидан фойдаланиш таъминланади.

Номзоддан креатив ва инновацион ёндашув асосида ташкилотнинг ахборот технологиялари билан боғлиқ ривожланиш йўналишларини бошқариш, шунингдек, метрополитен бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш талаб этилади.

Аввалроқ «Тошкент метрополитени» «Ўзбекистон темир йўллари» таркибидан чиқарилиб, Транспорт вазирлиги таркибига ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.

Ҳужжат билан, шунингдек, 2022 йил 1 октябргача 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилиши белгиланган. 2022 йил 1 апрелгача ерусти ҳалқа метро бекати йўналишида йўловчилар учун бепул Wi-Fi тизимини боғлаш ва ерости метро бекатларида мобил алоқа операторлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади. Ерости ва ерусти метро бекатларида савдо ва хизмат кўрсатиш майдончалари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, 7 май куни журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда ОАВ вакилларига интервью берган Тошкент метрополитенининг собиқ раҳбари Ойбек Худойқулов метро ходимлари ва машинистларнинг маоши қанча эканлигини айтиб ўтганди. «Машинистларнинг маоши ўртача 3-3,5 миллион сўм. Ундан юқори олувчилар ҳам бор. Бу борада уларнинг тоифаси ҳам рол ўйнайди. Бир жойда кўп йилдан бери хизмат қилаётганларнинг маошини 4 миллион сўмгача олиб чиқдик», — деган эди у.