Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган собиқ ИИБ ходимининг вазир Пўлат Бобожоновга юборган видеомурожаатига муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Қува тумани «Байналминал» МФЙ профилактика инспектори лавозимида ишлаган Нозимжон Нишонов ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Муҳтор Мирзаевга видеомурожаат билан чиқди.
Мурожаат давомида у Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Аҳмаджонов профилактика инспекторларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилган. Унинг айтишича, ИИБ бошлиғи ўринбосари шахсий манфаатлари йўлида профилактика инспекторлари учун кунлик 55 минг сўмлик «ўрта фонд» жорий қилган. Шунингдек, 100 бош қорамол учун қураётган молхонасига керакли қурилиш материалларини профилактика инспекторлари зиммасига юклаган.
Мурожаатчининг қайд этишича, майор ҳар куни профилактика инспекторларига биттадан машинани жарима майдонига, бештадан машина учун жарима далолатномаси тузишни мажбурий режа қилиб берган. Бу режани бажара олмаган профилактика инспекторлари фақат гап эшитади, кечқурун 00:00 да алоҳида «развод»га келади.
Унинг сўзларига кўра, раҳбарлар ўзаро келишган ҳолда ходимларга нисбатан тадбирлар ўтказади — пул орқали, пул бериб киргизиш орқали. Бу тадбирлар қонунга зид бўлиб, унда бошқа бир давлат органи қатнашмайди ёки пуллар кимёланмайди. Тадбирнинг эртасида Ўз хавфсизлик хизмати текширувга келади.
«Профилактика инспекторлари эзилиб кетяпти, эзилиб. Дардини кимга айтишни билмайди», — дейди мурожаатчи.
Таъкидланишича, Аҳмаджоновнинг бу ноқонуний хатти-ҳаракатларига Қува туман ИИБ бошлиғи бирор чора кўрмаган. Шунингдек, Қува туман ИИБда ноқонуний равишда ички текширув ва тадбирлар ўтказиб келинган. ИИБ бошлиғи ўринбосари туман ҳокими ўринбосарини калтаклаб ҳам ҳеч қандай жазосиз қолгани айтилади.
Шахсий таркиб ходимлари бир неча марта майор Аҳмаджоновнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан туман ИИБ раҳбариятига, вилоят ИИБ раҳбариятига аноним тарзда мурожат қилган, аммо улар жавобсиз қолдирилган.
Мурожаатчи видео сўнггида Аҳмаджоновнинг ҳаракатларига ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов чора кўришини сўраб, сўзларининг исботи сифатида қўлида аудиоёзув борлигини таъкидлаб ўтган.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов мазкур ҳолатга муносабат билдириб, Қува тумани ИИБ раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича тарқатаётган важлар ўрнатилган тартибда текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.
Изоҳ (0)