Наманган шаҳридаги хонадонларнинг бирида ёнғин бўлган. Уй ичида қолиб кетган фуқаролар ФВБ ходимлари томонидан чиқариб олинди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, 7 ноябрь куни соат 04:30 ларда Наманган шаҳридаги хонадонларнинг бирида ёнғин юзага келган. Ёнғиндан олдин хонадон эгаларининг бир қисми ташқарига чиқиб кетишга улгурган. Ёнғин пайти уй ичида қолиб кетган 2000 ва 2003 йилда туғилган икки нафар фуқарони эса ФВБ ходимлари олиб чиққан.
Таъкидланишича, уйнинг деярли 90 фоизи ёниб кетган. Ҳозирда ёнғин юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, сўнгги ҳафтада Наманганда 5 та катта ёнғин кузатилган, хонадонлар бутунлай ёниб кетган.
Аввалроқ Намангандаги ҳовлида ёнғин чиқиб, қўшни уйга ҳам зарар етгани, Косонда 61 ёшли фуқаро, Чироқчида эса бир ёшли чақалоқ иситиш мосламаларидан келиб чиққан ёнғин оқибатида вафот этгани, Тошкент давлат техника университети ёнидаги ошхонада ёнғин юз бергани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)